Сатрларим умрим парчалари…

stixiБотир Норбой

СОНЕТ

Ҳадя қилдим, сенга қалбимни,
Бахш айладим кўз нуримни ҳам,
Бахтли эдим очгач бағримни,
Мужгонларинг ўқига эркам.

Тақдир мени айлади маҳрум,
Кўзларингга тўйиб боқишдан,
Гар изласам, самодан бахтим,
Ой ҳам тўхтар эди балқишдан.

Умид билан яшадим мудом,
Ҳижронингда эгилмади бош,
Аммо сендан мактуб олган дам,
Кўзларимдан оқиб тушди ёш.

Юборгандинг бу хатинг билан,
Сенга берган юрагимни ҳам.
1966.

ЛЕРМОНТОВГА ЎХШАТМА

Умр ўтар судралиб, секин,
Эсдан чиқар таъна маломат,
Қачонлардир, қайда бўлмасин,
Учрашгаймиз сен билан албат.

Хотирангда агар жонланса.
Ёшлигимиз баҳори эркам,
Тушунарсан, сени ҳеч кимса,
Севолмаган мендек чинакам.
1969.

ҲОЛАТ

Кўнглим гўё зим зиё кеча,
Лабим кўзим ёшини ичар.

Вужудимда ажиб беҳоллик,
Руҳимдачи, сирли бир хорлик.

Титроқ кирар бехос танимга,
“Мен бахтсизман, бахт бор – ғанимга!”

Ён веримда тентирар шамол.
Рад килинган муҳаббат мисол.
1970.

***

Мен тоғларни дарёларчун,
Яралган деб ўйлардим.
Дарёларни боғлар учун,
Яралган, деб сўйлардим.
Сени эса меники, деб,
Суюнгандим, юракдан,
Ғанимларим эшитдими,
Қалб дукурин йироқдан…
Тоғлар қизиб, қорлар эриб,
Тошиб кетди, дарёлар.
Бу тошқинда қолди, буткул,
Мен ишонган дунёлар.
1971.

МОНОЛОГ

Нега ахир…
Айт, нега ахир…
Ул фараҳли кун ҳамон ёдда?!
Хотирамда ўрнашиб қолган,
Ўша дамлар шукуҳи билан,
Исён қилур севгинг ҳам қонда?!
Бугун ўша махзун калб билан,
Хотиралар денгизи аро,
Ҳолсизгина сузиб бораман,
Бекема ва беорзу, инон,
Ишқдан умид узиб бораман.
Бехол кувиб хаёлдан сени,
Кўзга маржон тизиб бораман…
…Бўлмасмиди, айтсанг, ўша дам,
«Мен хам сени севаман», дея,
Бўлмасмиди ёки қалбингда,
Бутун умр қоламан, дея,
Огоҳ этсанг мени меҳрингдан,
Огоҳ этсанг мени сеҳрингдан,
Бутун умр сендан кечмасдим…
1972.

ШОИР СЕВГИСИ

(сонет)

У, оддий бир қиз эди, асли,
Гўзалим, деб айтмасди кимса.
Шоир уни чин дилдан севди,
Шеърларида мадҳ этди роса.

Юзларини гулга ўхшатди,
Кўзларини оҳу кўзига.
Хуллас, кеча-кундуз оҳ тортди,
Ҳамма қулоқ берди сўзига.

Кўп ўтмасдан, қизнинг уйига,
Ўру қирдан совчилар келди,
Рухсат беринг, дея тўйига,
Яхши ёмон баробар елди.

Тўй қилишди у қизга охир,
Кетди уни бир йигит бошлаб,
Жондан севиб мадҳ этган шоир,
Қолаверди бошини қашлаб.
1972.

ТОҒ БИЛАН СУҲБАТ

-Эй, сен, тоғ, дунёга эрта келгансан,
Нимани азиз деб биласан, мутлоқ?
-Мен учун, тинч ўтган икки асрдан,
Чақинларга тўла бир тун яхшироқ!
1972.

ЧЎЛПОНГА
(сонет)

Кўп эрта туғилди, сенда бу туйғу!
Кўп эрта тўлишди, мурғак ақлинг ҳам.
Сен севган ўша дард, сен севган кайғу,
Менинг ҳам қалбимни ўртар ушбу дам.

Кўпкари пайтида, бош чавандозни,
Топтагани каби сармаст, паст отлар,
Англамай сўзларни, англамай «Соз»1*ни,
Топтаб кетди сени ул нокас зотлар.

Бугунчи, англашди, вақт ўтганида,
Сенинг эрка шеъринг, эрка ҳисларинг.
Биз асли шундаймиз, бахт кетганида,
Англамоқ бўламиз ноёб хислатин.

Агар замондошлик этсайди насиб,
«Шогирд булар эдим сенга муносиб.»2**
1974

1.Чўлпоннинг тўплами.
2.Асқар Қосим сатри.

ОНАМГА
(сонет)

Сени хаста, дея етишди хабар,
Бу гапдан юракка қон тўлди, она,
Не бўлди?! Тирикми?! Ё буюк хатар!?
Юрак ёниб борар, вужуд музхона.

Мен қандай етаман, энди қошингга?!
Поезд секин юрар, учоқлар учмас,
Аҳволинг не кечди? Ким бор бошингда?!
Нега мен одамман, нега мен қушмас!

Нечун узоқларда сени қолдириб,
Битмас орузларнинг қўлидан тутдим.
Ўткинчи дунёнинг ҳай-ҳаваси деб,
Мен сени айролиқ ўтига отдим?!

Барча орзулардан кечмадим, нечун,
Сенинг бир лаҳзалик ҳаётинг учун!?
1984.

МИРШАБЛАР…

Нақорот

Ўз тилини севмаган,
Ўз элини севмаган,
Дўппи кийган қавмини,
Назарига илмаган,
Миршаблар ҳо, миршаблар…

Биз эл фидойилари,
Озодлик доялари,
Майдонга чиққанларнинг,
Эзгудир ғоялари!
Миршаблар ҳо, миршаблар…

Нақорот

Кўзни очинг каттароқ,
Йўллардан қочинг, тезроқ,
Майдонга тез ўтайлик,
Мақсадга тез етайлик,
Миршаблар ҳо, миршаблар…

Нақорот

Ўз тилини севмаган,
Ўз элини севмаган,
Дўппи кийган қавмини,
Назарига илмаган,
Миршаблар ҳо, миршаблар…
1989

СЕН ҲАМ ОДАММИ?!

Пахта териб далада,
Сариқ бўлса болалар,
Сенчи, юриб панада,
Чекмасанг ҳеч нолалар.
Сен ҳам одамми?!

«Ўзбек тили камбағал»
Тахқирласа амалдор,
Ғуруринг топтаса ҳам,
Юраверсанг бемалол.
Сен хам одамми?!

Кўкрагингни ғоз кериб,
Майдонларга чиқмасанг,
Тилингнинг ғанимларин,
Сўзинг билан йиқмасанг,
Сен ҳам одамми!

Чидайверсанг хўрликка,
Ишонмасанг ҳурликка.
Улуғ максад йўлида,
Қўшилмасанг «Бирлик»ка!
Сен ҳам одамми?
1990

ТЎРТЛИК

Сен дейсан, оламда бахтсизлар бисёр!
У дейди, дунёда кўплар бахтиёр!
Асли ўта бахтли, тўла бахтсиз йўқ.
Бахтли дақиқалар, бахтсиз онлар бор!

2007