Ноёб режиссёр, оператор ва ижодкор

МУХОЛИФАТ ФИДОИЙЛАРИ туркумидан

abdulaziz mahmudov(Абдулазиз Махмудовнинг 60 йиллигига)

Мухолифатчилар орасида алмаштириш кийин булган, беназир иккита зот бор: булардан бири етук режиссёр, оператор, истеъдодли кинодраматург Абдулазиз Махмуд булса, иккинчиси буюк сиёсий кушикчи ва шоир Дадахон Хасандир.
Дадахон ака бир сухбатимизда: «Абдулазизнинг мухолифат сафларида бўлиб қилган ишини на бир шоир, на бир журналист, на бир зиёли қила олади. Унинг киноларида поэзия ҳам, проза ҳам, драма ҳам бор», деган эди.

Ҳозирда 60 ёшни қоралаган (1950 йил, декабрида туғилган) Абдулазиз Маҳмуд Ўзбек ҳужжатли киносининг дарғаларидан бири Малик Қаюмовнинг шогирдидир. У ўз устозидан фарқли равишда ҳаётининг кўп қисмини норасмий ташкилотларнинг фаолиятини лентага туширишга бағишлади. Зеро, унинг қонида мавжуд тузимга нафрат бор эди. У менга ”Менинг она томондан бобом ер эгаси эди, Уни Мирзааҳмад полвон дейишган. Андижонда таниқли полвон бўлган… Ўтган асрнинг 30 йилларда қулоқ қилинган. Сургунда ўлиб кетган. Унинг ерлари колхозга топширилган. Яна бир бобомни эса, Маҳмуд қори дейишган. Бухоро мадрасасини тугатиб Исфаранинг Навгилем маҳалласида имом хатиблик қилган. У ҳам ўтган асрнинг 30-йилларида халқ душмани сифатида сурган қилинган. Сургунда вафот этган. Отам Абдулҳақ Маҳмудов фашистларга қарши курашган. Урушдан кейин пахта заводида ишлади, онам раҳматлик болаларни боқишда отамга ёрдам бериш учун дўппи тикарди…”
Демак, у мухолифатчилар орасида тасоддифан пайдо булган эмас:

«Биз мухолифат сафларига тайёр ҳолда келдик. Ҳаммамизнинг ўзимизга яраша касбимиз, шаклланган дунёқарашимиз бор эди», дейди Абдулазиз Маҳмуд. Қолаверса, у Ашхободда ўқиётганда, армияда хизмат қилаётганда ва Ўзбекистонннинг турли ташкилотларида ишлаётганда талай қийинчиликлар ва ноҳакликларга дуч келди. Шу тариқа унинг дунёқараши шаклланиб, ҳаётга муносабати ўзгариб борди…

Абдулазиз Маҳмуд СССР «гуллаб-яшнаётган» пайтларда ҳам қатор ҳужжатли илмий оммабоп фильмлар ишлади. Баъзи воқеаларга (масалан, Ўзбекистондан олиб кетилаётган мева ва сабзавотларнинг Россияга бориб етгуунча ириб-чириб кетишини акс эттирувчи фильм яратиб) «Фруктовый марафон» фильмини яратиб, воқеъликка ўзининг фуқаролик муносабатини билдирди. У қайта қуриш давригача ва қайта қуриш пайтлари «Узкинохроника», «Узбекфильм», «Останкино» ижодий ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб кўплаб ҳужжатли ва илмий оммабоп кинолар ижод қилди… Оролнинг ўлиб бораётгани ҳақида ҳаққоний фильм яратди.

Оператор ва режиссер Абдулазиз Маҳмуд 1989 йили Фаргона фожиаларини ёритгувчи лавҳаларни суратга олгандан кейин Ўз. Компартиянинг ўша пайтдаги саркорлари томонидан миллатлараро муносабатларга бағишланган «Кичик ука» номли фильмни тасмага олишдан четлаштирилди. 1989 йилнинг августидан бошлаб Америка, Буюкбритания, Япониянинг телевизион компаниялари билан ҳамкорликда иш олиб борди ва Россиянинг «Взгляд», «Ярим тунгача ва ундан кейин» каби курсатувлар учун жонли суратлар тақдим этди. Аммо Абдулазиз Маҳмуд киномотаграфик фаолиятининг гуллаган даври «Бирлик» халқ ҳаракати ва мухолифатнинг, шунингдек, Москвадаги «Демократик Россия», Вилнюсдаги «Саюдись» ҳаракатлари ва «Демократик ташкилотларнинг худудий бирлашмаси» каби ташкилотлари фаол ишлаётган пайтга тўғри келади.

Абдулазиз Маҳмудов 1989 йил июнидаги Фарғона ва Қўқонда, 1990 йил мартидаги Паркентда юз берган фожиали воқелар, ўша йилнинг май ойидаги Андижондаги бузғунчиликлар, июн ойида Жанубий Қирғизистоннинг Ўш ва Ўзган шаҳарларидаги қатлиомларни, Намангандаги оммавий чиқишларни кинога олди.

Абдулазиз Маҳмуд олган ҳужжатли кинолар туфайли Ўзбекистоннинг 20-30 йиллик сиёсий ижтимоий ҳаётининг энг муҳим, ноёб лавҳалари сақланиб қолди: биз бу лавҳалардан Оролни асраш қўмитасида 1987-89 йиллар орасида олиб борилган ишлар, «Бирлик халқ ҳаракати»нинг митинглари ва Қурултойлари, Марказий Кенгашининг мажлислари, СССРни бўлинишга олиб келган Москвадаги Янаев исёнини ва бунинг оқибатларини, Питербург ва Болтиқ бўйидаги етук сиёсатчиларнинг чиқишларини аниқ тасаввур қилаоламиз. Кўплаб зиёли олимлар, курашчиларнинг қарашлари билан танишамиз. Агар у ўз вақтида шу тарихий дақиқаларни ҳужжатлаштирмаганда, биз, собиқ СССР тарихининг энг муҳим воқеаларидан бебаҳра қолган бўлардик…
Бу ижтимоий-сиёсий воқеаларни кинога оларкан, Абдулазиз Маҳмуд бир неча бор таъқиб ва қувғинга учради. 10-15 суткалаб қамоқларда ётиб чиқди, суд қилинди.

1989 йилнинг май ойида «Бирлик»нинг таъсис Қурултойида Марказий Кенгаш ҳайъатига сайланди. 1991 йилнинг иккинчи ярим йиллигида у ўз сафдошларини «Ўрта йўл» тутишга чақирди ва раҳбарият бу таклифга рози бўлмагани учун Ҳайъат аъзолигидан истеъфо берди. Аммо мухолифат сафларидан бутунлай чиқиб кетгани йўқ. У ўз касби билан мухолифатнинг ижодий-ташкилий ишларида ёрдам берди. Кейинчалик «Абдулазиз» кинофирмасини ташкил қилиб, йиллар давомида олган киноларини алоҳида номлар билан монтаж қилиб, Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, «қайта бичиб, қайта тикди» .
Унинг Гдлян ва Ивановнинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақидаги «Ўзбеклар иши» Горбачевнинг қайта қуриши даври тўғрисидаги «Тоза ҳаво», СССРнинг қулашини акс эттирувчи «Империянинг емрилиши», «Амир Темур соясида» филмлари ҳужжатли кинонинг энг ноёб намуналаридир.

Маълумки, 91-92-йилларидан кейин, ўзбек мухолифати қувғинга учради, лидерлари Ўзбекистонни тарк этди.
Мухолифат нега енгилди?
Лидерлар ўртасидаги келишмовчиликларнинг илдизлари қаерда?
СССР нега тарқаб кетди?…
Ўзбекистондаги фермерлик ишлари қай даражада «ривожланяпти»?

Абдулазиз Маҳмудовнинг кўплаб кино тасмалари бу саволларга жавоб бераолади.
Абдулазиз Маҳмуднинг фильмлари жаҳон жамоатчилиги томонидан илик кутиб олинди. Унинг «Қуёш билан қайтиб кел» фильми 1995 йилги Париж кинофестивалида яхши баҳо олди. 200 йилнинг июнида Москвада ўтган «Олтин витяз» халқаро кинофестивалида «Уйимизда тинчлик бўлсин», деган фильми билан қатнашди. Бу фильмлар ҳақида жамоатчилик матбуотда яхши фикрлар билдирди…

Туркманистон давлат Университетининг филология факултетини ва Москвадаги «СССР киномотографистлари Иттифоқи» икки йиллик курсини битирган Абдулазиз Маҳмуд фақат кинооператор ва режиссёргина эмас, ёзувчи ва сценарист ҳамдир. Унинг фикрлаш доираси Ўзбекистон зиёлиларининг даражасидан бир неча поғона баланд. Гаплашиб қолсангиз, халқимизнинг ҳозирги аҳволи, ўтмиши ва келажаги ҳақида шундай фикрларни илгари сурадики, буларни биронта адиб ёки журналистдан эшитаолмайсиз.

Ботир Норбой,
Филология фанлари доктори.