Учинчи жавоб

апЖАMШИДАХОН КАБИЛАРНИНГ ЮЗСИЗЛИГИ ВА АБДУРАҲИМ ПЎЛАТ СИНГАРИЛАРНИНГ ФОЛБИНЛИГИ МУХОЛИФАТНИНГ ЯНАДА КУЧСИЗЛАНИШИГА ОЛИБ КЕЛАДИ?

Ўзбекча истиҳола ҳамда умумий душманларимизнинг бир-бировимизни тинимсиз танқид қилаётганимизни кўриб устимиздан кулиши мумкинлигини ўйлаб А.П.га берган аввалги иккита жавобимда ҳозир ёзаётган гапларимни айтмагандим. Бундан ҳам аввалроқ:баҳслашганда босиқроқ бўлайлик, фикрларимизни далиллаб сўзлайлик, бир-биримизни ҳақорат қилмайлик, деб кўп ёзганман. Ҳатто “Янги дунё” сайтининг мутасаддиси Юсуф Расулга:“А.П.ни ҳадеб,эшак,ҳўкиз деб ёзиб калакка қилаверманглар”,деб  илтимос қилгандим. Жамшид-хон тахаллуси билан ёзилган мақолани ўқиб, Юсуф Расул,шу жумладан, замондошчилардан айримлари ҳам тўғри иш қилаётган экан, бу хил ўзини билмаганларга ўзларини танитиб қўйиш керак экан, деган фикрга келдим. А.П.нинг “иш услуби”ни билганим учун айтай:у, энди,ўзи қолиб  Жамшид-хонларга мақола ёздира бошлабди. Аслида Жамшидхон эмас,Жамшидахон!  Жамшидахон  деяётганимнинг учта сабаби бор:биринчидан Жамшидахон ўз юзини яширгани учун мен унинг тахаллусига муаннаслик (арабча Женск. Род дегани) мақомини бердим.

Иккинчидан,журналистика этикаси бўйича,исм фамилияси тўқима бўлмаган одамларни танқид қилганда:муаллифнинг ўзи ва юзи кўриниб туриши керак. Учинчидан,Жамшидахон ўз мақолачасининг охирида мени отимни ҳам нотўғри (“Отангиз Сизга Бортир деб от берган экан”,деб) ёзгани учун унинг исмини ҳам шу тахлит ёзишга жазм этдим…Энди жавобнинг асосий қисмига ўтайлик!

“Ҳозир куч бирликда,“БИРЛИК”партиясида. Хамма фидоий инсонлар ўзларича майда партиялар тузиб,Ўзбекистонда демократия учун курашмоқчи бўлсалар янглишадилар. Бунақа майда партиячалар юқорида айтилган бир новда сингари синадилар. Партияни майда парчаларга бўлаётганларни миллат,мамлакат фидоийси деб бўлмайди…” дейди Жамшидахон!

Биринчидан,мақола ёзганда олди-ортига қараш,ҳеч бўлмаса,оддий мантиққа риоя этиш керак. “Хамма фидоий инсонлар ўзларича майда партиялар тузиб”,деб туриб. Иккинчи жумласида бундай одамларни “миллат,мамлакат фидоийси деб бўлмайди…”  дейиш мантиқсизликдир. Ё уларни мақола бошида миллат фидоийси деб атамаслик,ёки иккинчи жумлани шу тарзда ишлатмаслик лозим. Қолаверса,қайси партия майда,қайси йириклигини тарих кўрсатади. Тўғри,бир пайтлар Бирлик халқ ҳаракати йирик ҳаракат эди. Аммо у бўлингач,ярмига кичрайди. А.П.нинг муомала муносабатларидан,ҳаммага найзасини санчавергандан ва қатор тактик хатоларга йўл қўйгандан кейин янада кичрайди…

Дарвоқе,Бирликнинг обрўси обрўли йўлбошчилари туфайли ҳам эди. Академик Бек Ойбек ўғли,дирежёр Зоҳид Ҳақназаров,Фан доктори Олим Каримов,фан номзодлари Толиб Ёқубов,Шуҳрат Исматуллаев,машҳур режиссёр Абдулазиз Маҳмуд,шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасан,(уларнинг ҳаммасини санасак бутун бир дафтар тўлади)…бирликнинг обрўси бўлган кишилар эди.  Улар бирликни турли сабабларга кўра,аксарияти (жумладан:Зоҳид Ҳақназаров,Толиб Ёқубов,Абдулазиз Маҳмуд,Дадахон Ҳасан,Шуҳрат Аҳмаджонов,Носир Зокир,Исмоил Дадажон ва бошқа ўнлаб бирликчилар) А.П.нинг қўрслиги ва юзсизлиги,гап уқмаслиги сабабли тарк этганлар. Бирликнинг Ўзбекистон ичкарисидаги ҳозирги айрим корчалонлари эса,грант олиб,уни ҳазм қилиш билан овворалар…

А. П.нинг тактик хатолари ҳақида ўйлаётиб,бир латифа эсимга тушди. Эмишки,ота уйга келса,болаларидан бири уввос тортиб йиғлаётган экан. Ота “Нега йиғлаяпсан”,деб сўраса,боласи “акам урди”,дебди. Э,аканг бир ойдан бери уйда йўқку,қачон урди,деса,“Бурноғи йил урди”,деган экан. А.П. 23 йил олдин “еган калтагини” бирликнинг бўлинишида бир одам айбдор эканлигини айтиб болаларча кўз ёши тўкиб юрибди. Сиёсий ҳаракатларда,айниқса,ўзбеклар сингари сиёсий ҳаракат тажрибаси кам бўлган халқларда бу хил бўлинишлар афсуски,бўлиб туради. Аммо А.П.га дуч келган жойда,масалан,америка конгресменлари Ўзбек мухолифатини эшитиш учун йиғилган мажлисда,бошдан оёқ шу хил гапларни гапириш шартмиди! Конгресменларга бу гапларнинг нима кераги бор эди? Айтишларича,ўша мажлисдан кейин америка расмийлари ҳам,“бундай мухолифат билан иш олиб боргандан кўра,ҳукумат билан гаплашиш осон”,деган фикрга келган эмиш…Лидер одам қачон,қаерда,нима дейишни билиши керак эди.  Шу битта гапни дуч келган мақолага,шунча замон ўтгандан кейин ҳам тиқиштириш кучли сиёсатчининг иши эмас,деб ўйлайман. Тўғри,бўлиниш оғир зарба бўлди ва буни юқори доиралар уюштирганини,бўлиниш пайтида кимлар биландир жиққамушт бўлганимизни А.П.нинг ўзи ҳам билади..  Аммо ундан бери 20 йилдан ошиқ давр ўтиб кетди…ҳар ким билганича курашяпти.  А.П.га қолса,ҳаммадан гумонланади,хаммани МХХ одами,деб ўйлайди. Кимларнидир хунаса,кимларнидир ҳаромий,кимларнидир мол,кимларнидир сотқин,деб сўкади,аммо менга бу хил сўкиш ҳуқуқи берилмаганку,деб ўйламайди. Худди шу хил ўйсизлигидан  мухолифат орасига рахна солади. Бу унинг сиёсий маданиятининг пастлигини,ўз ҳатти-ҳаракати ва сўзлари билан дўстларни ҳам душманга айлантириш феълидандир.
“Сотқин-ҳаромийлар жазосиз қолмайдила¬р,уларни тарих ҳам миллат ҳам кечирмайди…” (мақола услуби ва имлоси аслича қолдирилмоқда. Б.Н. ) дейди исмини яшириб А.П.нинг услубида мақола битган Жамшидахон! Аввало,тарих ва миллат номидан гапириш учун кишининг маънавий ҳақи бўлиши керак. Юзсиз одамларда эса маънавий ҳуқуқ бўлмайди…

“Ботир Норбой ўзининг ҳаромий эмаслигини инкор этишга ҳаракат ҳам қилмабди”,дейди Жамшидахон.  Унинг гапи ёлғонлигини исботлаш учун ўша Жашидахон айтган мақоладан иқтибос келтириб аўя қолай:“Балки (А.П.) ўзбекча сўзларнинг  (айтайлик ҳароми,деган сўзнинг Б.Н.) маъносини англайолмаётгандир? Чунки,1988 йилгача асосан ўрисча ўқиган,русча муомала қилган. Ахир хароми(й),дегани никоҳсиз,зинодан туғилганларга айтиладиган сўкишку! Мен эса Худога шукур Ойжаҳон ва Жумабой исмли мусулмон,никоҳланган жуфтликнинг кенжа фарзандиман. Ўзини сал кам даҳо деб биладиган,президентликка даъво қилаётган киши бундай пасткашликка бормаса керак… (Онам) 1984 йили 74 ёшларида қазо қилдилар. Жойлари жаннатда бўлсин! Ақлимни таниганимдан бошлаб,бизга ҳамиша ҳақиқатдан,ҳалолликдан,покликдан таълим берар:“Битта ўзини ўйлаган кофир бўлади,мусулмон одам кўпчиликни ўйлаши керак”,“Ҳалолдан бир танга –ҳаромдан минг танга”,“Умрим бино бўлиб,бирон номаҳрамдан бир чақмоқ қанд олмаганман” сингари сўзларни ўқтин-ўқтин такрорлаб турардилар. А. П.нинг онасини ҳам кўрганман – муштипар,мунис,доно аёл сифатида таассурот қолдирган. Кўриб гаплашганимизда онамга ўхшашларини ҳис этганман. Қазо қилганларида маракаларида қатнашдим. Шу учун яна:“Ўзининг онаси покдомон бўлган одам,бировнинг онаси ва унинг фарзандлари шаънига бу сўзни ишлатмаса керак”,деб ўйладим. Агар бу гап жиддий айтилаётган бўлса,океан ортига йўлим тушиб қолса,ким бўлишидан қатъий назар,менинг шаънимни ҳақорат қилгани учун ўша ҳудуддаги судга мурожаат қилиб ариза беришни ҳам кўнглимга тугиб қўйдим.”

Бу гаплар А.П. айтган (ҳаромий деган) туҳматга исботли жавоб бўлмай нима? Бунинг устига,А.П.нинг ноҳақ ғазабига учраганларга М. Назиров деган бир дўстимиз жавоб бериб қўйган:“Президентга номзод одамнинг аҳволига қаранг,ким салом бермаса қорамолу-ҳаромига чиқаради. Ким ҳалолу,ким ҳаромлигини кетига қараб фол очиб билса керак. Ҳароми деб унвон тақаётган одамлар пайдо бўлиш вақтида гўшангада чироқ ушлаб турган каби ишонч билан гапиради.”деб зади М. Назиров.  Жамшидахону А.П.га яна қандай исбот керак,?

Жамшидахон ёзади:“Тушундимки,ҳеч нарса айтолмайди,инокр этолмайди. Чунки Абдураҳим Пўлат аниқ фактлар келтирган”. Аммо  аниқ далиллари нимадан иборат экан? Агар Бирдамликдан меҳнатимга яраша олган гонарарларни кўзда тутаётган бўлса,уларга ҳам жавоб берганман. Мана ўша жавоб:“Компьютер тугмасини янгитдан боссам А. П.нинг Носир Зокир ҳақида ёзган бошқа бир мақоласи чиқиб қолди. А. П. (ўзи ҳам тан олиб айтганидай,Бирликка,умуман мухолифатга катта хизмати сингиган) Носир Зокирни ҳам Бирдамлик халқ демократик ҳаракати билан ҳамкорлик қилаётгани,ундан меҳнати учун гонарар олиб тургани учун ҳаромий деган экан. Ажабо,Ўзи:“Демократик жамиятда ҳар бир одам бир ташкилотдан бошқасига ўтиши мумкин”,(барча таъкидлар бизники Б.Н.) деб туриб,худди шу ишни амалга оширган,ўзи ҳурмат қиладиган мухолифатчини ҳаромий дейиши мантиққа зидку!..  Бирдамликдан,асосан тер тўкиб ёзган мақолаларимиз учун олган гонарарларимизни ҳаром деб атайди. Аммо мен биламанки,Бирдамлик раиси ҳам анойи эмас. “Ҳар бир мақолага ўн доллардан пул берилади”,деб айтиб қўйибди…Демак. Носир Зокир ҳам,мен ҳам фарзандаримизни ҳаром пулга эмас,ўз ижодий меҳнатимиз маҳсули бўлган гонорар эвазига боқмоқда эканмиз. Қолаверса. Мен ҳозир фарзандларимни боқаётганим ҳам йўқ. Мен Чимкентда ижарада яшайман ва улар менинг сиёсатга аралашганимдан кўпам хурсанд эмаслар…Ижара ҳақи Чимкентда 150,200 доллардан бошланади.  Мен Баҳодир Чориевнинг таклифи билан бу ерга келиб,уйга қайтолмайдиган бўлиб қолдим…

Аслида бу гапга жавоб бермасам ҳам бўларди. Чунки,А.П.ни танқид қилаётганлар  (М. Назиров,Юсуф Расул,Ризо Обид. Баҳодир Чориев. Гулшан Қораева…)ниҳоятда кўп бўлиб,уларнинг аксарияти ҳақ. Эси жойида бўлган,лидерликка даъво қилаётган кас,ҳа деб шаллақилик қилавермасдан,шунча одам мени танқид қиляпти,уларнинг ҳам ҳақ гаплари,бордир,деб ўз танасига ўйлаб кўриши керак эди.

А.П. ва Жамшидахонлар кўп масалаларда адашадилар. Улар Бирдамлик халқ демократик ҳаракатигина “Туркистон тонги” газетасига ҳомийлик қиляпти,деб ўйлайдилар ва чуқур янглишадилар.  Қозоғистон жанубида ҳам туркий ўзбеклар (А.П.ларга ўхшамайдиган) ҳамда туркий  қавмлар дўстлиги учун жон куйдирадиган туркий қозоқлар яшашади. Ҳамма ҳам А.П. ва Жамшидахон каби юзсиз эмас. Жамшидахон сингари маблағ топсанглар бизга беринглар,(“Бирлик” партиясининг “Ҳаракат”журнали бор,хозир маблағ йўқлиги туфайли чоп этиш имконияти йўқлигини айтишмоқда. Сизнинг “Туркистон тонги” газетангизга кетадиган харажатларни ўзини кўрсатиб бўлган “Ҳаракат”журналига сарф этилса,мақсадга мувофиқ бўлар эди”), дейишмайди. Ажабо,шу даражада юзсизлик ҳам бўладими? Ахир,нимани қайси нашрга сарфлашни ҳомийларнинг ўзи ҳал қилади-ку! Қолаверса,сизлар бу ҳомийларнинг кўпчилигини танимайсизку? Агар шу битта журнални эплайолмаётган бўлсаларингиз юзингизни яширибсиз,энди бурнингизни ҳам тишланг!

Жамшидахон:“Туркистон тонги”газетасини таъсис этибсизлар. Хўш шу газетангизни Ўзбекистонда халққа тарқата оласизларми? ЙЎҚ!” ,деб ёзади. Биринчидан,бу гаплар правакаторнинг гаплари. Бизнинг газетамиз Қозоғистон ҳудудида тарқалади ва шу мамлакат қонунлари асосида таъсис этилган… Шуни билингки,яхши,  асосли,фойдали,исботли гаплар ёзилса,у нашр халқ орасида ўзи ҳам тарқалаверади… Иккинчидан,  “Ҳаракат” чиқиб Ўзбекистонга ҳам бораётган пайтда қай даражада тарқалганини ўша ерда яшаганлар билади. Мен бу ҳақда ўша пайтда А.П.га ҳам айтганман. “ Сиз тарқатяпсизми?.. Бўлдида,10 дона бўлса ҳам тарқалса бас”,дегандай…думи хуржунда гапни айтганди.

Кейинроқ Дадахон Ҳасан ИИВ ертўласига қамалди. Ўша ерда унга (янглишмасам ўша кунлари қамалган Носир Зокирга ҳам) уларни тергов қилаётган зот қоп-қоп журналларни кўрсатиб:“Мана:“Ҳаракат” журнали,Фалончихоннинг ўзлари олиб келиб бердилар”,деганмиш…..бугунги кунда «Туркистон тонги» ва «Туркістан Таңі» бир эмас,  икки газет бўлиб  икки тилда минглаб ададларда,бутун Қозоғистон бўлаб тарқалмоқда. Керак бўлса,бу газеталар қозоқ ва ўзбек халқлари дўстлигининг тимсолига,мардикорлар ҳақида материал берадиган ягона нашрга айланиб бормоқда…

Жамшидахон кабилар ўзлари ўқимаган нашр ҳақида бемалол фол очаверадилар:“қирғизлар ўзбекни қирғин қилганини ёзмаслигингиз,ўзбекни ҳимоя қилмаслигингиз ҳам аниқ…”. Бу ҳам фолбинликдан ташқари правакацион гап. Биз океан ортида туриб газета чиқараётганимиз йўқ. Биринчи сондаёқ вазифаларимизни белгилаб олганмиз. Асосий мақсадимиз туркий миллатларни,умуман,Марказий Осиё –Туркистон ҳудудида яшаётган барча халқларнинг ҳамкорлиги ва иттифоқлигига эришиш йўлида ишлаш. Биз бу нашрни 2010 йил июнида Қирғизистонда юз берган қонли воқеалар Қозоғистон ёки Ўзбекистонда ҳам такрорланиши мумкинлиги ўйлаб,профилактик тадбир сифатида,хавфни олдини олишга озгина бўлсада ҳисса қўшиш учун таъсис этганмиз. Бу иш бир-бири билан ит мушук бўлаётган (“мухолифатнинг борлиги рамзий маънода яхши”,деган Юсуф Расулнинг гаплари ҳаққа ўхшаб қолди) мухолифатнинг баъзи ишларидан кўра муҳимроқку! Биз газетамизга “Туркистон тонги”да миллатлар орасига раҳна солувчи мақолалар берилмайди”,деб ёзиб қўйганмиз. Аммо бу дегани оғир муаммолар қаламга олинмайди,дегани эмас:агар газетанинг (“Янги дунё”,“Бирдамлик”,“Замондош” сайтларига,Америка овози,ББС радиоларига ҳам юборилган) ПДФ нусхасини ўқиб кўрсангиз,“Марказий осиё туркийларига нима бўлган?”.,“Фожиаларнинг баъзи сабаблари ва уларнинг ечимлари…”,“Бахт сўзин айтайлик элдан кейинроқ” сингари мақолаларга кўзингиз тушади. Уларни ўқиб кўрсангиз,биз бу масалага қандай ёндашаётганимиз кўринади. Ўша мақолаларда фашистлашган қирғизлар,бу ҳолга  сабаб бўлган зотлар,фожиани кўриб индамай ўтирган Ўзбекистон қаҳрамонлари (А. Орипов,Э.Воҳидов) ҳақида анча танқидий гаплар бор…

Қозоқча нашрида ҳам туркийлар бирлиги ҳақида ёзилган қатор мақолалар берилмоқда.  Агар туркийлар туби бирлигини,асли битта халқ эканлигини чуқур билмаса,душманлар уларни йўлдан уради ва ақли ноқислари бир-бирига қурол ўқталаверади. Халқларимизни бир-биридан ажратмасдан тарбиялашимиз,ҳимоя қилишимиз керак! Қирғизистон жанубида  қон тўкишга аралашган жиноятчиларнинг  ҳаммаси қонун йўли билан жазоланиши керак!

Мақолаларимда туркий ўзбек,туркий қозоқ…сингари жумлалар кўп учраётганига бир икки йил эмас,20 йиллардан ошди…Бу гапдан шубҳаланаётганлар бўлса,“Адабиёт ва санъат” газетасида 90 йилларнинг бошларида босилган “Тушовни ким узади” номли мақоламни ўқиб кўришлари мумкин. Юқорида келтирилган (“Марказий осиё туркийларига нима бўлган?”.,“Фожиаларнинг баъзи сабаблари ва уларнинг ечимлари…”,“Қамоқда ётган ҳуқуқ ҳимочисига мукофот”) мақолаларда кимларнинг қай даражада гуноҳи борлиги ҳақида ҳам анча-мунча гаплар бор…

Биз қирғиз воқеаларинигина эмас,аҳолининг энг абгор қатлами бўлган меҳнат муҳожирлари ҳаётини имкон қадар ёритяпмиз. (Ҳеч бўлмаса,газетадаги “Мардикорлик машаққатлари”. “Бизга миллатнинг ҳар бир фарзанди азиз”,“Олим мардикорнинг саргузаштлари” мақолаларига кўз югуртиринг) Шунингдек,биз икки тилда икки газета чоп этиб,ўзбек ва қозоқнинг оддий халқига демократия нима эканлигини тушантиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Қозоқчада ва ўзбекча нашрларда босилган  Мўғилистон президентининг таржима қилиб берилган аломат нутқини,ўзбекчадаги “Аллоҳ бошни нимага берган ёки демократия ҳақида ҳангомалар” каби мақолаларни…ўқинг. Газета баъзи интернет нашрларга ўхшаб,бировларни ноҳақ айблаш,ҳақорат қилиш,исботланмаган гапларни ёзиш учун чиқарилмаяпти…

“Ҳаракат” сайтини ўқисангиз,А.П.нинг биз фалон ишларни амалга оширганмиз,мени фалон гапим тўғри чиқди,қирғизистонлик Қодиржон Ботиров ахмоқ…сингари ўнлаб жумлаларга дуч келасиз. А.П. ва Жамшидахон ўзларини дунёдаги ҳамма нарсани биладиган донишманд сифатида кўрсатмоқчи бўлади. Шунинг учун  Максим Назировнинг А.П.ни башоратчиларнинг вакили сифатида кўрсатиши ҳажвироқ йўсинда ёзилган бўлсада,ишонарли:“Ўтган башоратчилар ўтиб кетди,жойи тайин уларнинг. Айга,байга қилиб ўтирмайликда,ўзимизнинг ўзбек башоратчилар билан таништирай сизни. Гапни қайсинисиндан бошласам экан деб узоқ ўйлашга ҳожат йўқ. Башорат Фанлари Докторини танийсиз. Мен турган жойимдан қўзғалсам ер ағдарилиб кетади деган гапи бор. Бу гапида жон бор албатта. Модомики жонажон ватанимизда тўрт фасл тартибни бузмай алмашинаётган экан,буни фақат Абдирайим Пўлатовнинг борлиги сабаб деб билгайсиз. Агар у ўрнидан ярим метр жанубга силжиса борми,ер шари қутбларини бир кунда ўзгартириб,Ўрта Осиёни абадий музлик қоплаган бўларди. Юрий Гагарин ўз шуҳрати учун фақатгина Пўлатовга қарздор. Агар Менделеев аҳмоқлик қилиб эрта туғилмаганда эди,шунча қийналмас эди. Кимёвий элементлар жадвалини Пўлатов бир-икки кунда тузиб берган бўларди унга. Дунёда бўлаётган барча ҳодисаларни Пўлатов ёлғиз ўзи бошқариб туради. Ҳар ҳолда унинг ўзи шунақа деб ўйлайди.” Бу гаплар айни ҳақиқатлигини Ҳаракат журнали сайтида берилган қатор мақолаллар тасдиқлайди.  Жамшидахоннинг акаси А.П. ҳақида “Ҳаракат” сайти шундай ёзади:“ДУНЁ ТУРКЛАРИ ОРАСИДА БУЮК СИЁСИЙ ИҚТИДОР АБДУРАХМ ПЎЛАТНИНГ ҚИСҚА,ЛЕКИН МАНАН ЮКСАК ТАФАККУРИНИНГ МАХСУЛИ-УНИНГ СИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ БИЛАН ТАНИШИНГ! Ажабо,камтарликни қаранг! “БУЮК СИЁСИЙ ИҚТИДОР” эмиш. М. Назировнинг А.П.ни фолбин деганича бор. У анча алжиб қолган кўринади. Жамшидахонлар эса унинг қўлтиғига сув пуркашади.  Ўзи бошқараётган “Ҳаракат”сайти уялмай нетмай унинг ажабтовур даҳоликлари ҳақида мақолалар эълон қилаверади. Бу сайт эгалари осмоний гапларни айтавериш ўрнига сўзларни тўғри ишлатишни ўрганишса бўларди…Жумладан,иқтидор сўзи бу ерда – истеъдод,доҳий маъносида ишлатилмоқда.  Аммо ўзбекчада иқтидор ишлатилганда ёнига “эгаси”,сўзи ҳам қўшилмаса  у   ғализ туюлади,тушинтирилмоқчи бўлинган маъно англашилмайди…Энг ёмони,бу хил юзсизлик ва

фолбинликлар,даҳопарастликлар,мухолифатнинг бирбиридан совушига сабаб бўлади…
Жамшидахон яна ёзади:“Бирлик” деган сўз президент Ислом Каримни бўғзига келган,у бу сўзни кимдандир эшитса,ўша одамни қамоққа тиқишга ҳаракат қилади. Сиз ана шундан қўрқасиз…”

Кейинги пайтларда бирликчиларнинг қамалганини эшитмадим. Аксинча Бирдамликчилар,Ўзбекистон халқ ҳаракати аъзолари  ва диндорлар кўпроқ қамалмоқдалар,ярадор қилинмоқдалар ва ўлдирилмоқдалар…Москвада отиб кетилган Фуатни,Швецияда ярадор қилинган Обидхон Қорини,Янгийўлда чавақланган Акромхўжа Муҳиддиновни эслашнинг ўзи бу гапимизнинг исботидир. Ҳатто менга ҳам (бирликчи бўлганим учун эмас) бирдамлик билан ҳамкорлик қилганим учун дело очишган…Икки йилдирки,Ўзбекистонга бораётганим йўқ…

Собиқ ва бугунги бирликчилар ёки Бирлик атрофида юрганлар ичида менинг дўстларим ҳали ҳам бор. Улардан бири менга хат ёзиб,А.П.га (аввалги) ёзган жавоб мақоламни “нафас олмай” ўқиганини,кўп гапларимга қўшилишини,А.П. бир пайтлар ўзини ҳам  ҳақорат қилгани учун шу хил мақола ёзмоқчи эканлигини айтган. Аммо мен унга “бундай мақолалар умумий душманларимизни хурсанд” қилишини,иложи борича ёзмаслик кераклигини айтдим…

Бошқа бир дўстимиз шундай деган:“Сиз ҳақингизда Абдураҳим Пўлатнинг ёзганларидан биз ҳам хафамиз,…бир неча карра тушунтиришга ҳаракат қилдилар барибир ҳеч нарсани тушунмайди,ёки тушунишни истамайди. У укаси ўлгандан кейин умуман телбадек бўлиб қолган. Ҳаммага ташланиб ўтиради,ҳаттоки уйига ҳол сўраб борган билан ҳам жанжаллашади. Унинг иқтисодий аҳволи ҳам яхши эмас,кеча кундуз ишлайди,кўринишидан роса чарчаган,асаблари доим таранг…”

Мен А.П.га  Жамшидахонлардан кўра,кўпроқ ачинаман. Асаби таранглиги рост кўринади. Илгари бу даражада алмойи-алжойи гаплар айтмасди. Назаримда бошига урилган арматуранинг таъсири энди ўз кучини кўрсатяпти…Ишқилиб охири бахайр бўлсин…
Шу гапларни ёзарканман,тўғриси,Бирлик билан эмас,А.П. билан ҳамкорлик қилган йилларимга,кетган вақтимга ачиндим. Шоир Юсуф Жуманинг қуйидаги сатрлари эсимга тушди:

Чинор деб таёққа хизмат қилибман
Байрок деб сиртмоққа хизмат қилибман.
Тош отиб очдилар кўр кўзларимни,
Чақмоқ,деб ботқоққа хизмат қилибман.

Ботир НОРБОЙ,
Филология фанлари доктори.

Comments are closed.