Кўзгуга тупиринг…

indexИккинчи жавоб

“Олдига қўйганни емоқ ҳайвоннинг иши,
Оғзига келганни демоқ нодоннинг иши…”

Алишер Навоий.


“БУЮК ДАҲО”, “МОҲИР ЖУРНАЛИСТ ВА ТЕРАПЕВТ” АБДУРАҲИМ ПЎЛАТНИНГ ЯНГИ ҲАҚОРАТЛАРИГА ЯНГИ ЖАВОБ…

Мен Қозоғистоннинг чўли биёбонларида, турли овулларида мардикорлар ҳаёти билан танишиб, уларга газета тарқатиб юраман. Шаҳардан чет жойларда юрганим учун “Белайн KZ юзби”да интернетга кириб тураман. Компьютер Белайн антеннаси чиқса яхши, чиқмаган кезлари чалароқ ишлайди. Худо раҳмат қилгур бирдамликчи Акромхўжа Муҳиддинов ҳақидаги таъзияномам сайтда чиқдимикин, деб ГУГЛга икки исмни ёзиб “найти”ни босдим. Компьютерда Абдураҳим Пўлат ва харомий деган ёзув чиқиб қолди. Сўнг ўз исмимга ҳам кўзим тушди. “Ҳа, компьютери ёки калласи яхши ишламай қолган кимдир Хоразмий, деб ёзмоқчи бўлгану, “з” босилмай қолган бўлса керак, ёзганларим остига Ботир Норбой – Хоразмий деб қўйсам ҳам бўларкан, деб ўйладим.

Компьютерни тугмасини боссам яна Абдураҳим Пўлат (бундан кейин А.П.) деган исм-фамилия ва яна ўша машъум ёзув чиқди…
А.П.нинг ўзини сал кам даҳо деб билиши, президентликка даъво қилиши бежизмас, шекилли, президентлар бошқаларни бемалол сўкиши мумкин, деб ўйлаб, ёзаётганмикин? Балки ўзбекча сўзларнинг маъносини англайолмаётгандир? Чунки, 1988 йилгача асосан ўрисча ўқиган, русча муомала қилган. Ахир хароми(й), дегани никоҳсиз, зинодан туғилганларга айтиладиган сўкишку! Мен эса Худога шукур Ойжаҳон ва Жумабой исмли мусулмон, никоҳланган жуфтликнинг кенжа фарзандиман. Ўзини сал кам даҳо деб биладиган, президентликка даъво қилаётган киши бундай пасткашликка бормаса керак… Мен 6, онам 38 ёшида эканинимизда отам қазо қилганлар… Опаларимни ва мени ўксимасин, деган хаёлда бўлса керак, ниҳоятда оғир иқтисодий аҳволда яшасак-да, онам раҳматлик бошқа турмуш қилмаганлар… 1984 йили 74 ёшларида қазо қилдилар. Жойлари жаннатда бўлсин! Ақлимни таниганимдан бошлаб, бизга ҳамиша ҳақиқатдан, ҳалолликдан, покликдан таълим берар: “Битта ўзини ўйлаган кофир бўлади, мусулмон одам кўпчиликни ўйлаши керак”, “Ҳалолдан бир танга – ҳаромдан минг танга”, “Умрим бино бўлиб, бирон номаҳрамдан бир чақмоқ қанд олмаганман” сингари сўзларни ўқтин-ўқтин такрорлаб турардилар. А. П.нинг онасини ҳам кўрганман – муштипар, мунис. доно аёл сифатида таассурот қолдирган. Кўриб гаплашганимизда онамга ўхшашларини ҳис этганман. Қазо қилганларида маракаларида қатнашдим. Шу учун яна: “Ўзининг онаси покдомон бўлган одам, бировнинг онаси ва унинг фарзандлари шаънига бу сўзни ишлатмаса керак”, деб ўйладим. Агар бу гап жиддий айтилаётган бўлса, океан ортига йўлим тушиб қолса, ким бўлишидан қатъий назар, менинг шаънимни ҳақорат қилгани учун ўша ҳудуддаги судга мурожаат қилиб ариза беришни ҳам кўнглимга тугиб қўйдим. Агар мен бу ишга улгармасам, ўз шаънини юқори тутган фарзандларимдан биронтаси бу ишни қилар, деган ўй хаёлимдан ўтди… Ҳозир АҚШда яшаётган Бирдамлик раиси, Баҳодирни хунаса деб ёзгани эсимга тушди. Баҳодир, ҳалиям феъли кенг йигит экан, бошқа бўлганда аллақачон танобини тортиб қўйган, ҳеч бўлмаса АҚШ судига берган бўларди. Менинг дўстларга меҳрим, душманларга қаҳрим қаттиқ. Фарзандларимдан айримларининг феъли ҳам шунга яқин.Бир гал А. П. фарзандларимдан бири билан телефонда гаплашиб қолган. А. П. ундан кимнидир телефонга чақириб беришни қатъий талаб қилган. Ўғлим А.П.нинг қўполлигини, қолаверса, ўша чақирилаётган одамнинг йўқлигини билгач “у киши ҳозир уйда йўқ”, деган. А.П. эса, дабдурустдан: “Айтиб қўй, ўша одамга, башарасига тупурдим”, дебди. Ўғлим ҳам, барака топсин, биздан кўра топқир экан: “Соқол оладиган ойнани (кўзгуни) тўғрингизга қўйиб ўшанга тупиринг, тупугингиз айнан лойиқ одамнинг башараси устига тушади”, деган… Ҳар ҳолда ўзини сал кам даҳо деб биладиган, президентликка даъво қилаётган киши ўзини ўнглаб олсин, оғзига қараб гапирсин, деб ўйлаганда! Аммо шоир: “Ҳар киши ҳаётдан олмаса таълим, унга ўргатолмас, ҳеч бир муаллим”, деб бекорга айтмаган экан. Бу воқеага ҳам 10 йилдан ошди. Аммо А.П. ҳаётдан тўғри хулоса чиқариш кераклигини унутган кўринади.

ОДАМНИНГ ЮЗИДА КЎЗИ БОР…

Компьютер тугмасини янгитдан боссам А. П.нинг Носир Зокир ҳақида ёзган бошқа бир мақоласи чиқиб қолди. А. П. (ўзи ҳам тан олиб айтганидай, Бирликка, умуман мухолифатга катта хизмати сингиган) Носир Зокирни ҳам Бирдамлик халқ демократик ҳаракати билан ҳамкорлик қилаётгани, ундан меҳнати учун гонарар олиб тургани учун ҳаромий деган экан. Ажабо, Ўзи: “Демократик жамиятда ҳар бир одам бир ташкилотдан бошқасига ўтиши мумкин”, (барча таъкидлар бизники) деб туриб, худди шу ишни амалга оширган ўзи ҳурмат қиладиган мухолифатчини ҳаромий дейиши (?) мантиққа зидку! У ўз мақоласида”Носир Зокир сотқинлиги учун Баҳодир Чоридан олаётган нарсалари ҳаромдир, демак, шу ҳаром билан яшаётган Носир Зокирнинг ўзи, унинг фарзандлари… ҳаромваччалардир”, дейди. Бирдамликдан, асосан тер тўкиб ёзган мақолаларимиз учун олган гонарарларимизни ҳаром деб атайди. Аммо мен биламанки, Бирдамлик раиси ҳам анойи эмас. “Ҳар бир мақолага ўн доллардан пул берилади”, деб айтиб қўйибди. Демак. Носир Зокир ҳам, мен ҳам фарзандаримизни ҳаром пулга эмас, ўз ижодий меҳнатимиз маҳсули бўлган гонорар эвазига боқмоқда эканмиз. Қолаверса. Мен бу ерда сарфлаётган пул олаётган гонарарларимдан анча кўп эканлигини ҳам айтиб ўтишим лозим. Ҳаромий тахаллуси 50 минг долларлаб ёрдам пули олиб, мухолифатчиларга эмас, асосан яқинларига ёрдам бераётганларга нисбатан жуда мос тушарди.

Журнал чиқардим, ундай қилдим, бундай қилдим, деб чиранган одам оддий мантиққа ҳам эътибор бериши, ҳозир оқ, деб туриб орқасидан йўқ, қора, деб туҳмат қилмаслиги лозим. А.П. “Ботир Норбой…авваламбор бирликчилардан, “Бирлик” миллий ғояларни кўтарган ҳамда шу йўналишда амалий ишлар қилаётган ягона ташкилот эканлигини ҳисобга олиб, миллатдан кечирим сўраши керак”, дебди. Мен эса “Ажабо, бу ерда Абдураҳим ака бошқараётган бугунги Бирлик миллат билан тенглаштириляпти. Бир пайтлар Бирлик халқ ҳаракати миллат тимсоли эди. Ҳозирги Абдураҳим Пўлат бошқараётирман, деб ўйлаган Бирлик миллат тимсоли бўлаолмайди… Бунинг сабабларини очсам, А. Пўлатнинг ўзи уялиб қолиши мумкин”, деганман. А.П. уялмай нетмай: “Мен ҳеч қаерда “Бирлик” – бу миллатдир демадим”, дейди. Сўнг давом этади. “Аммо, “Бирлик” миллий ғояларни кўтараётган, хусусан, Қирғизистонда ўзбеклар қирғин қилинишига қарши овоз чиқаролган ягона ташкилот эканми, унга хиёнат қилиш миллатга хиёнат қилиш демоқдаман”, дейди. Аслида Биттагина Бирлик эмас, деярли барча мухолиф ташкилотлар миллий ва демократик ғояларни илгари суришмоқда. Қирғизистон жанубидаги қонли воқеаларга қайғурмаётган мухолифатчининг ўзи йўқ. Ҳозир эсимга 2010 йил июни ўрталаридаги елиб югурганларимиз, Абдулазиз Маҳмудов билан Бирликнинг собиқ раислари Бек Ойбек ўғли ва Зоҳид Ҳақназаров, олим ва шоирлар Баҳодир Мусаев, Бахтиёр Исабеков, Гулчеҳра Нуриллаева, Инсон ҳуқуқлари фаоллари Ҳайитбой Абдуллаев, Исмоил Одил кабилар турли жойларда йиғилишиб маслаҳатлашганларимиз, ахийри БМТга, Америка, Туркия, Қозоғистон ва Ўзбекистон президантларигача алоҳида ва умумий хатлар ёзганимиз (Бу хатга 10 дан ошиқ зиёлилар имзо қўйишгани) эсимга тушди. Айтганча, ўша хатларимизни интернетдан ўқиган А.П. ўшанда ҳам бизни “Қирғизистонга қўшин киритиш керак”, деб ёзмаганимиз учун “мол”, деб ҳақорат қилган. Янги дунё сайти унга қарши (эшак калласи тасвирланган хатни чоп этиб) муносиб жавоб берганди. Тўғриси, хатнинг дастлабки нусхасида Ўзбекистон қўшин киритиши лозимлиги ҳақидаги жумла бор эди. Аммо кўпчиликнинг (аввало президент бу гапга кўнмайди, кўнган тақдирда ҳам икки томондан кўплаб йигитлар қирилиб, оқибати ёмон бўлади, деган истиҳолани айтишди ва) жумлалар олиб ташланди…

Сўнг биз қўлимиздан келадиган ишларимизни қила бошладик. Ҳозир Руҳиддин Комилов иккаламиз ошно-оғайнилардан пул йиққанимизни, кам бўлгани учун оилавий бюджетимиздан ҳам маблағ олиб Андижонга, Қирғизистон чегарасига борганимизни, олиб борган нарсаларимиз (болаларнинг ва катталарнинг кийим кечаклари) ва маблағни (ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов гувоҳлигида) ҳукуматга эмас, айнан Бозорқўрғондан қочиб келган қочоқларга (улар 3 минг киши атрофида бўлиб. ҳукуматнинг назаридан четда эдилар) етказганимизни эсладим. Менимча, аслида айтиш керак бўлмаган бу ишларни А. П. Айтмоқчи “Бизни ҳеч ким на миллат, на одам деб ҳисобламай” қўймаслиги учун ҳам қилгандик… Қолаверса, Бозорқўрғонликларнинг: “Сизлар ким бўласизлар”, деган саволларига “Бирликданмиз”, деб жавоб бердик. Аслида ҳам, аввалги қисқа жавоб мақоламда ҳам айтганимдай(иқтибос): “…мен юқорида айтилган ҳаракат сафида бўлганим ҳолда ўзимни бошқа сафлардан чиқиб кетган деб ҳисобламайман. Умуман,Ўзбекистонда демократик жамият ўрнатиш йўлида ишлаётган ҳамма ҳаракат ва партияларни қўллаб қувватлайман…”

Мақола давомида А. Пўлат: “Бунинг (яъни ўзбекнинг итнинг охирги оёғи бўлганининг) биринчи сабабчиси ўзимизмиздир. Асрлардан бери қилаётган хатоларимиз, “Оллоҳдан баракат, биздан ҳаракат” сўзларини унутиб ва “Ҳамма нарса Оллоҳдан” иборасининг маъносини ҳам тушунмасдан, ҳеч нарса қилмасликка ўрганиб қолганимиз”, дейди. Юқорида айтилган ишларимиз, биз, А. Пўлат айтгандай “Оллоҳдан баракат, биздан ҳаракат” сўзларини унутмаганимизни, “Ҳамма нарса Оллоҳдан” иборасининг маъносини” ҳам тушунганимизни англатмайдими?..

Носирхон “Туҳмат” деган мақоласида ёзади: “Менга   тўҳмат   қилган  терговчи,  судя, прокурор   барча-барчаси  ё   қамалиб   кетди,   ё   ишдан   ҳайдалди,  ёки   вафот   этиб кетди. Биттаси    қолган   эди. 2006-   йил   фарзандларимизни  уйлаганимда,  қудам   билан    келишиб   тўйни  бир   жойда   қилган   эдик.   Ҳалиги  уйимга   граната   қўйган   мелиция   ҳодимини  қудам   тўйга   айтган   экан. Олдига   бориб   сўрашдим.  Кўзи   чиқиб   кетай   деди.   “Моҳиржон   мен   шу   одамни   қудаси   бўламан”, дедим. Қотиб   қолди.  Бу   ҳам  майда чуйда   лавозимларда   ишлаб   юриб   яқинда   нафақага   чиқиб   кетди. Аммо  ҳозиргача, ҳар   сафар   кўча-кўйда   кўришиб   қолсак   кўзимга   тик   қараб   сўраша   олмайди.” Ажаб, вақт келиб, қалбимизга “граната” қўйиб маънавий жараҳат етказаётган А.П. биз билан кўришиб қолса, у ҳам кўзини олиб қочармикан? Олиб қочмаса керак, чунки у одамнинг юзида кўзи борлигини билмайди…

А. П. ЎҚИГАН МОНОЛОГЛАР…

Ўзимга келсам -14 йилдан бери Қозоғистондаман. Дастлаб шу ернинг ўзида мухолифат ячейкасини тузишга ҳаракат қилдим. Аммо Ўзбекистондан келганлар А. П. номини эшитиб, буринларини жийиришди. Улар билан (масалан, Файзулла Исҳоқов, Бахтиёр Исбеков ва бошқалар) шунчаки умумий планда гаплашиб юрдик, уюшиб ячейка тузиш имкони бўлмади. Бир гал А. П. нинг номини эшитибоқ, раҳматлик Файзулло Исҳоқовнинг жаҳли чиқиб кетди. “Унингиз одаммас. Менга бир неча марта телефон қилди. Фақат ўзи гапиради. Ярим соатлаб фақат ўзи гапиради. Монологларини тинглаб, зада бўлганимдан трубкани пастга қўйиб, ўн-ўнбеш минут айланиб келаман. Келиб гўшакни қулоғимга тутсам ҳалиям гапираётган бўлади. Ахийри жонимга тегиб кетгач: “оғайни бундан кейин менга қўнғироқ қилма”, деб гўшакни қўйдим, деганди. Бу гапни, яъни телефонда А. П.нинг фақаг ўзи гапиришини кўпчилик, хусусан мен ҳам, Носир Зокир ҳам тасдиқлаймиз. Бундан ўн йиллар олдин ҳам А. П. АҚШдан менга ҳам қўнғироқ қилиб, 53-54 деган дийдиёсини айтар ва мени гапиришга қўймасди. Носирхонга буни гапириб берсам, ўзига ҳам шундай муомала қилганини айтиб кулган.

ЭНДИ КИМ УЗР СЎРАЙДИ?

Мен, 2002 йилдан кейин феълан Бирликдан узоқлашиб, ўз ижодий-педагогик ишларим билан банд бўлдим. Носир Зокир Озодлик радиоси билан ҳамкорлик қилганидай, мен ҳам ВВСга мухбирлик қилдим ва ҳозир ҳам баҳоли қудрат бу ишга бош қўшиб юрибман.“Меҳнат муҳожирларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази”да ишлаб бир қатор мардикорларга ёрдам бердим. Улар орасида паспортини олдириб қўйганлар, меҳнат ҳақини олаолмаганлар, 3 йиллаб текинга ишлаган, қулликка тортилганлар бор эди. Ҳуқуқий ёрдам бериш маркази ёпилиб, Тошкентда юрганимда, 2011 йил ёзда Баҳодир Чориев қўнғироқ қилиб, ҳамкорликка чақирди. Мени лидерликка ҳам, бирон мансабга ҳам даъвом йўқ: бировнинг чой-чақасига ҳам зор эмасман. Азбаройи кўпчиликни ўйлаганим, ўзбекларимизнинг оғирини бироз бўлсада енгиллатиш, уларнинг сиёсий онгини ошириш (дарвоқе, бу масала Бирликнинг ҳам, Бирдамликнинг ҳам уставида бор) умиди Қозоғистонга ўтиб, Бирдамлик билан ҳамкорлик қилишга ундади. Яккама-якка суҳбатларда ва газетада шу хил тушунтириш ишлари олиб бордим ва бу ишни давом эттиряпман. 65 ёшида ҳар хил жойларда ижараларда яшаб, қўлидан келганча демократияга хизмат қилаётган одам ҳаромий бўлиши мумкинми? Орадан 10 йиллар вақт ўтганда мени эсламаган А. Пўлатнинг Бирдамлик билан ҳамкорлик қилганимни эшитиб, бирдан эслаб қолиши, хоин, ҳаромий, деб ҳақорат қилиши юмшоқ қилиб айтганда ўта қизиқдир. А.П.нинг тили билан айтганда масхарабозликдир…

Бир пайтлар Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг кичик залида БХХ Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлиси бўлаётганини эслайман. Бирликнинг ўша пайтдаги раисдоши юмшоқкўнгил Зоҳид Ҳақназаров А.П.нинг гапига қарши сўзлаганида А.П. уни “Сотқин” деб ҳақорат қилди. Бироз ўтиб сўз олган А.П.нинг укаси раҳматлик Абдуманноб: “Аввало ҳозир юз берган маданиятсизлик учун оиламиз номидан Зоҳид акадан узр сўрайман”. деб гап бошлади… Энди орамизда Абдуманноб йўқ! Афсус, ҳозирги сўкишлар учун ким узр сўраркан?

ДАҲОЛИК КАСАЛИ…

60,70 йилларнинг яхши, 90,2000 йилларнинг маддоҳ шоири Абдулла Орифнинг “Жаннатга йўл” драмасида ғалати бир эпизод бор. Тириклигида ҳамиша бир-бири билан тортишиб юрган икки шоир Жаннат йўлидаги Аросот водийсида учрашиб қолибди эмиш… Сўнг улар бир-бирининг ёқасига ёпишиб: “Мен талантлиман”, “Йўқ мен талантлиман”, деб бир-бирини бўғиша бошлабди… Биринчиси маълум жойгача боргандан кейин бўғишни иккинчиси бошларкан. Яна: “Мен талантлиман”, “Йўқ мен талантлиман”, деган овозлар эшитилармиш… Бу эпизодлар Исломга қай даражада мос келишини билмайман, аммо улар ҳозирги мухолифатнинг айрим лидерлари қилаётган ишларни эслатиши аниқ. Улар ҳали бу дунёда туриб: “Мен даҳоман”, “Йўқ, мен даҳоман”, деб ёқа бўғишаётганга ўхшайди…

Шулардан энг зўри А.П. У ўз лидерлигини бошқалар билан солиштиради ва ёзади: “Менинг атрофим 23 йилдан бери сафдошлар билан тўла…”. Бошқа бир ўринда эса: “Ҳаракат” журнали… юрт ташқарисида яратилиб, узлуксиз 75 сони чоп этилди.” Бу – Ўзбекнинг тарихида қоладиган оламшумул воқеадир, Ўзбекнинг тахминан 15 йиллик тарихини ёритиб борган нашрдир . Бундай ишни олижаноб одамларгина қилоладилар”, дейди. Ана мақтанишу, мана мақтаниш… Агар бу гапни журналга алоқаси камроқ одамлар айтса ярашарди. Ўз ўзини мақташ, мен ундайман, мен бундайман, деб гердайиш, камтарликдан эмас. Ахир Ҳаракат журналидаги мақолаларнинг ҳаммасини А.П. ёзмаганку! Шу пайт ўзимнинг “Ҳаракат” журнали билан ҳакорлик қилган пайтларимни эсладим. Бир икки йил ичида яхшими, ёмонми, 261 бетлик материал менинг адресимдан кетган экан. Бу журнал билан ҳамкорлик қилган ёлғиз мен бўлмасам керак? Бошқалар ҳам материал юборгандир? Шундай экан, бари ишни мен қилдим, деб гердайиш тўғри эмас…

А.П. Туркистон бирлиги ғоясини ҳам биринчилардан бўлиб кўтарган эамиш. “Аммо, ҳамма билишини истардим, айнан шу “Кичик Туркистон” ичидаги мустақил мамлакатларни, қайтариб айтаман, мустақил мамлакатларни, ЕИ йўлидан бориб, “Туркистон Бирлиги” ёки “Марказий Осиё Бирлиги” номи остида бирлаштириш ғояси мен тарафимдан ўртага отилди ва мен тайёрлаган лойиҳа асосида “Бирлик”нинг қурултойида махсус резолюция қабул қилинди”.

Мен бу хил гапларга биринчи, қисқа жавобимда муносабат билдириб ёзгандим. Иқтибос: “Туркий Бирлик ғояси муаллифи Бирлик дейиш (“Туркистонни бирлаштириш, “Туркистон Бирлиги” ёки “Марказий Осиё Бирлиги” тузиш ғоясининг муаллифи “Бирлик”дир” деб ёзиш) ажабланарли. Бу ғоя битта Бирликка ёки Абдураҳим Пўлатга эмас, ундан 60-70 йиллар олдин тузилган қатор ташкилотларга,ўзбек туркларидан Беҳбудий, Мунаввар қори, Чўлпон, Боймирза Ҳайит, қозоқ туркларидан Мустафо Чўқай, Мағжан Жумабой каби ўнлаб зиёлиларга ҳам тегишлидир. Қолаверса, Туркистон бирлиги ҳақида гапира туриб, Баҳром Ғойиб, Сейитбой Байдуллаев, Иброҳим Ал Ҳошимий каби турли миллат кишилари тузган “Туркистон халқ ҳаракати”ни эсга олмасликнинг ўзи, тарихни сохталаштириб, ҳамма нарсани Бирликка боғлашга уринишдир…” А.П. эса барча ишларни ўзи қилгандай мулоҳаза юритади: “Қоғозда тузилиб, қоғозда қолиб кетган “Туркистон халқ ҳаракати”ни бу ерга тиқиштириш ҳам масхарабозликдир..” дейди. Унинг бу ҳаракатлари, “Жаннатга йўл” драмаси персонажи бўлган шоирнинг: “Мен талантлиман”, деб чиранишини эслатади… Чунки, “Туркистон халқ ҳаракати” ҳозиргача ҳам баҳоли қудрат ишламоқда. Уч йил олдин Чимкентда қурултойи бўлди, яқин ойларда Чимкентда янгидан қурултой ўтказишмоқчи. Шундай экан фақат ўз ташкилотини мақтаб бошқаларни камситишнинг нима кераги бор?

Шу пайт (А.П. АҚШ ҳақида гапиргани учун бўлса керак) 1995 йилги ўзбек мухолифати қатнашган конференция эсга тушади. Ўша конференцияда қатнашган танишларимнинг ҳикояларидан маълум бўлишича, бу конференцияни америкалик конгресменлар Ўзбекистон мухолифатининг аҳволи, нимага арзишини билиш учун чақирган кўринади. А. П. эса, ўзининг хурмача қилиқлари билан мухолифатни бир тийинга қимматлигини исботлаб берди. Яъни асосий масалалар бир четда қолиб кетиб Муҳаммад Солиҳга ёпишди, квартира олиб, Каримов билан оғиз бурун ўпишганини сўзлади. Бу гаплар америкаликларга керакмикан? Мухолифат олдида турган вазифаларни гапирганим яхши эмасми, деб ўйламади. Ўша мажлисда қатнашганлардан бири америкаликларнинг даҳлизларда: “Ўзбекистоннинг ҳукумати чатоқ десак, мухолифати ҳам чатоқ экан”, деганини эшитиб кейинчалик менга ҳам айтиб берганди. Шундан сўнг америкаликлар диктатор бўлса ҳам И. Каримов билан алоқани мустаҳкамлай бошлашди, назаримда.

А.П. яна ёзғиради: “Мен бутун кучимни “Бирлик”нинг Намангандаги мавқесини мустаҳкамлаш учун сарфламоқдаман. Ҳозир Наманганда ва бутун водийда “Бирлик”дан бошқа фаолият олиб бораётган мухолифат ташкилоти йўқ…” Бу гаплар ғирт ёлғонлигини А.П.нинг ўзи ҳам билади. Билиб туриб ёлғон гапиради. Унинг мақоласидаги:

“10 йилдан кейин, ҳатто АҚШдаги бу соҳа усталарини ҳам ҳайрон қолдириб, биринчи бўлиб “Бирлик”ни тикладик. Менинг раҳбарлигимда тикладик. Тарихда ҳар замон биринчи бўлган қолади, чунки, айнан у энг қийин ишни қилади. Биров йўл очгандан кейин, иккинчи-учинчи ва ҳоказо бўлишдан осони йўқ.”, дейди. Яна бир ўринда эса: “Ҳозир учинчи марта оёққа туриш ҳаракатидамиз ва турамиз…” дегани ҳам Бирликнинг ишлари жойида эмаслигини яна оёқдан қолганлигини кўрсатади. Бирлик ишларини юришмаётганида ҳаммага чаёндай ташланаётган А.П.нинг ҳиссаси бўлса керак. “…Ҳар кимнинг сўзи чин бўлмаса, ростгўйлар кўнглига у сўз қабул бўлмас. Ёлғончи ўзининг ёлғон сўзига бир-икки марта ишонтиради… Ёлғончилиги маълум бўлгач, у расво бўлади, унинг сўзига халқ ишончи йўқолади. Кўнгил хазинасининг қулфи — тил; у хазинанинг калитини — сўз бил.”, дейди буюк Навоий.

“МОҲИР ЖУРНАЛИСТ” ВА “БУЮК ТЕРАПЕВТ”…

Биз ҳар ҳолда, филологияда ўқиганмиз, адабиёт бўйича диссертациялар ёқлаганмиз. Физик А.П. бўлса, бизга журналистикадан, адабиётдан сабоқ бермоқчи бўлади: “Шундай аксиомаларни (яъни журналистикага хос аксиомаларни-Б.Н) билмасдан туриб, мени (яъни А.П.ни –Б.Н)“Туркистон тонги” газетаси Туркистонни ўйлайдими ёки унга хоинлик қилишними?” номли лавҳа (?) муаллифи қилиб кўрсатиш (?) алжирашдир”, дейди. Ажабо, унда тепасида А. Пўлатнинг исми турган “Туркистон тонги” газетаси Туркистонни ўйлайдими ёки унга хоинлик қилишними?” мақоласини ким ёзибди? Тағин журналистика асосларини биладиган олим мақоласини лавҳа, деб атабди. Лавҳа (ўрисчасига зарисовка) мақолага эмас, бадиий жанрга яқин, тасвирга бадииятга яқин жанр. Юқоридаги алжиб ёзилган раддия эса, гарчи мукаммал бўлмаса ҳам мақола деб аталади…

Энди А.П.нинг “буюк терапевт”лигига келайлик. Қайта қуриш йилларида Россиялик сиёсатдонлар “Шоковая терапия” атамасини ишлатишган, жамиятни бир икки “силкитиб қўйиш”,.иқтисодда ва сиёсатда кескин ҳаракатлар қилиш йўли билан даволаймиз, дейишган эди. Абдураҳим Пўлат дунёдаги энг нозик мавжудод бўлмиш одамларни “шок терапияси” усули билан даволамоқчи экан. “Мен буни тушундим ва ўз йўлимни танладим. Бу йўл – шок терапияси усуллари билан миллатнинг кўзини очиш, ақлсизлик ёки хоинлик билан миллатнинг оёғидан ураётганларни шок терапияси усуллари билан йўқ қилиш…”, дейди у.

Хўш, бу усул қандай усул экан? Маълум бўлишича, мухолифатнинг ўзига ёқмаган вакилларини йўқ қилиш, яъни, ҳақорат қилиш экан: “Ҳозир 53-54 лақаби билан танилган Салай Мадамин, Дадахон Ҳасан, Аҳмад Аъзам, Усмон Азим, Зоҳир Аълам, Дилором Исоқ, Фахриддин Худайқул, Алибой Йўляхши ва бошқа бир қатор ифлослар шу йўл билан йўқ қилинмоқда. Ўзбеклар бу қилинаётган ишнинг моҳиятини тушунганларидан кейин, унинг самарадорлиги яна ҳам ошади, у ифлослар миллат олдида тиз чўкиб узр тилашади (?)”.

“Буюк” терапевтнинг йўли, бировларни исботламай, ёппасига ҳақорат қилиш экан… Кимдир биров: “Бировларни даволаш, тарбиялашдан олдин ўзингни давола, ўзингни тарбияла. Бу тарбия усули ўзбекнинг табиатига тўғри келмайди. Ўзбек, бекорга сўкмайди, одамнинг айбини исботлайди, кейин ҳукм чиқаради. Ўзбекнинг минг йилда бир марта дунёга келган буюк ҳофизини ҳақорат қилишга қандай ҳақинг бор?” деса А.П. қандай жавоб бераркан?

Энди эсласам, А.П.нинг терапевтлигини аввалроқ бошланган экан. Мен бир пайтлар унинг бошини мажақлаб кетишганида ҳол-аҳвол сўрашга, газета масаласида маслаҳатлашишга бориб турардим. Бир гал Олой бозоридан чиқиб касалхонага яқинлашганда милисаларни каттаси мени тўхтатди. Қаерга бораётганимни сўради. Унга “Ҳоҳлаган жойимга боришга ҳақим бор”лигини айтдим. У эса, “Сиз ҳозир ишда бўлишингиз керак, (мени Тошкент педиатрия тиббиёти институтида кафедра мудири бўлиб ишлашимгача биларкан) иш вакти нима қилиб юрибсиз, деб масалага сиёсий тус берди. Мен касал кўришга боряпман. Ишдан жавоб сўраганман, дедим. У эса кулиб, “Биламан, А.П.ни кўришга келяпсиз. Аммо у одамни Сиз яхши билмайсиз, йўқ жойдан жанжал чиқарадиган, ўйламай гапирадиган одам”, деди. Мен унинг гапига қарши чиқдим, ва исботланг, деб туриб олдим. У эса: “Менга ўша раҳбарингиз, ҳеч ерда ҳеч нарса йўқ, яқинда Бирлик ғалаба қилади, шунда ҳаммангизни оёғингиздан дорга осамиз, деганди, мен ҳам: “Сенга ўхшаганларнинг ҳокимиятга келмаслиги учун жон таним билан қарши курашаман дедим”, дея кулди. Абдураҳим Пўлат ростдан ҳам ўзининг аччиқ тили билан ҳукумат одамларини қаттиқ ранжитиб, уларнинг бирликка қарши ашаддий рақибга айлантириб қўйганини, кўплаб сафдошларнинг эса, уюшмадан узоқлашганини Абдулазиз Маҳмуд олган қатор ленталар ҳам, ўша ҳаракатда иштирок этган ўнлаб кишилар (айтайлик, Зоҳид Ҳақназар Зоҳир Аълам, Фахриддин Худойқул, Шуҳрат Аҳмаджонов сингари фаоллар) ҳам тасдиқлайди.

Хўш, энди ўзингиз ўйланг, фаоллар юзингда кўзинг борми, демасдан, чаёндай чақадиган раҳбарга яқинлашадими, ёки меёрида иш талаб қилиб, меёрида, илиқ муамала қиладиган раҳбаргами?

Ботир Норбой – Хоразмий