Марказий Осиё туркийларига нима бўлган?

uzbek(биринчи мақола)


(А. Маҳмудовнинг қатор фильмларини кўриб, “Ўтмиш ва келажак орасида” киносценарийсини ўқигандан кейинги ўйлар)

Қондошлик ва қардошлик…

Кейинги 20-25 йил ичида Маказий Осиё минтақасида бўлиб ўтган қонли тўқнашувлардан тортиб, мухолифат ва ҳукумат орасидагина эмас мухолифатчиларнинг орасидаги ўзаро низоларни кўриб, ва ниҳоят Абдулазиз Маҳмуднинг қатор киноларини, хусусан, «Ўтмиш ва келажак оралиғида» ҳужжатли фильмнинг адабий нусхасини ўқиб, тушуниб етгач, менда: ОДАМЗОД (шу жумладан, Турон туркийлари) ҲАЛИ БЕРИ ОДАМ БЎЛМАС ЭКАН, деган хулоса пайдо бўлди. Чунки аксарият халқлар, айниқса, Марказий Осиё туркийлари қондошлик қонунларинигина чала ярим тушуниб етишган, қардошлик ва инсонийлик қонунларини умуман билмайдилар, тушунмайдилар, ҳали бери англаб етмайдилар.

Тўғри, қондошликнинг ўзига яраша қонунлари бор: бир-бирига қондош одам бир-бирини аяйди, яхши кунида ва ёмон кунида ёнида, ҳамиша бир-бирига камарбаста бўлади. Аммо қондошлик инсон қони билан кирган туйғудир ва агар киши шу қондошлик қонуни билангина яшаса, қардошлик ва инсонийлик қонунларини англамаса, у кўп деганда, қавмпарвар, оилапарвар, нари борса, маҳаллапарвар бир зот бўлиб қолаверади. Англашимча туркийларнинг ҳозирги авлодларининг аксарияти ҳали оилапарварлик, қавмпарварлик, нари борса, маҳаллапарварлик мақомидан юқори кўтарилаолган эмас. Уларнинг бугунги оми аҳолиси қардошликнинг қонунларини тушунмайдилар. Айтайлик, Худо кўрсатмасин, бирон чет эл босқинчиси Қадим Турон, бугунги айтилаётган Марказий Осиёга бостириб келса, улар, худди бир пайтлар Рус чоризми бостириб киргандагидай, ёвга қарши бир тан ва бир жон бўлиб қарши курашмайдилар. Улар, худди Хоразм империясининг қатор ҳуудларида фаолият олиб борган армиялар Чингизхонга навбати билан ем бўлгандай, бугун ҳам навбати билан ем бўладилар. Бошқаларни қўя турайлик! Ҳозир Марказий Осиё туркийларининг ўзлари ўзларини еб битирмоқдалар.

Фарғона ўзбеклари ва Ахсика турклари фожиаси

1989 йилдаги Фарғонадан месхети (аслида ахсика) туркларининг ҳайдалиши, 1990 йилги Ўш Ўзган фожиаси ва ниҳоят 2010 йил июнидаги Ўш Жалолобод қирғини туркий халқларнинг қавмпарвар, оилапарварликдан, сохта ватанпарварликдан, манфаатпарстликдан нарига ўтаолмаганлигини: уларнинг ҳукуматлари, зиёлилари, ҳуқуқбонлари, мухолифати ҳам шу туйғулардан нарига кетмаганини кўрсатади.

Ўша пайтда турк биродарларимиз Горбачев берган баъзи эркинликлардан фойдаланиб, Қрим татарларидан кейин ўзларининг ота боболари макон этган Гуржистонга кетиш режесини тузиб юришганди. СССР ва Ўзбекистон ҳукуматининг раҳбарлари Москва КГБси ва Ўзбекистон КГБси буни билар ва қандай бўлмасин уларга зарба беришга ҳаракат қиларди.

КГБ сопини ўзидан чиқарди.

… Тўғри, КГБ фарғона ўзбеклари ва месхути турклари ўртасидаги жанжални тезликда уюштираолмади. Вазиятни кутишди. Сўнг ўзлари шундай жанжалли вазият яратишга интилишди. Машҳур ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг гувоҳлик беришича, дастлаб стадионда концерт ташкил қилиб, туркларни ва ўзбекларни бир жойга йиғиб, сўнг улар ўртасида уриш чиқармоқчи бўлишган. Концертга билетлар сотилган. Аммо билет олган турклар келмаган. Туркларнинг вакилларидан бири Дадахон ака ёнига келиб, “КГБ бу ерда мажоро чиқармоқчи бўлгани ҳақида уларда далиллар борлигини” айтган… КГБ мўлжали амалга ошмагач яна вазият кутган…
Туркийлар орасидаги сен фалон ерликсан, сен келгиндисан, нега биздан кўра яхши яшайсан каби айирмачилик қилишларидан, бир бирини зимдан ёмон кўришларидан усталик билан фойдаланишга ҳам вазият керак эди… Оми фарғона ўзбеклари эса, худди бугунги қирғизлар каби, ўзларининг хароб аҳволда яшаётганига туркларнинг айбдор деб ўйлашган. Улар яхши яшаётган бўлса, сизларга ўхшаб совет ҳукуматининг “пахта миллий бойлигимиз”, “оқ олтинни олтин қўллар яратади”, деган тарғиботига учиб, қулдай ишламаётган бўлса, айбдор эмас! Уддабурро экан, иссиқхоналар қуриб, помидор, бодринг етиштиришган, бошқа юртларга олиб бориб пуллашган, магазинлар очишган экан. қандини урсин, дейишмаган. Ростдан ҳам улар нега яхши яшайди, нега биз камбағалмиз, демак айб туркларда деб ўйлашган.

А. Маҳмуд олган лавҳаларда улар: “Ана буларнинг уйларига қаранг, қандай ҳашаматли, бизнинг ҳовлиларимизга қаранг, битта ҳовлида уч оила, 17 жон яшаймиз”, деб бурнини сувини оқизиб сўзлашади.
Афсуски, уруш вазиятини ўзимизнинг туркийларимиз КГБга яратиб берган…

Агар адашмасам, пивохона олдида дастлаб бир татар йигити билан бир турк йигити навбат талашиб сўкиша бошлаган. Сўкишиш муштлашишга айланган. Бир ўзбек йигити татар йигитнинг ёнини олган, уни дўппослашгандан кейин бошқа ўзбеклар аралашган. Татар йигит орадан сирғалиб чиқиб кетган: жанжал ўзбеклар ва турклар орасида давом этган. Муштлашишни тўхтатадиган милиция вақтида келмаган. Водийнинг оми ёшлари ўз тарафдорларини чақиришган. Бир томондан Гуржистондаги ўз ватанларининг соғинчи, иккинчи томондан фарғона оми ёшларининг уларга ола кўз билан қараши оқибатида пайдо бўлган ғазаб ахсикат туркларига ҳам таъсир этган. КГБ ўзбеклар ўртасида туркларни ёмонлаб, турклар ўртасида ўзбекларни ёмонлаб мурожаатномалар, фотосуратлар тарқатган. Натижада ҳар икки томон ғазаби устун келиб, туркларнинг уйлари ёқиб, ўзларини ўлдира бошлашган. Бу шармандали урушда месхети туркларидан кўпроқ, фарғона ўзбекларидан камроқ одамлар ҳалок бўлган.

А. Маҳмудов турк биродарлардан олган интервьюларда уларнинг фарғона ўзбекларига нисбатан онглилиги кўриниб туради, уларнинг аксарияти фожиа юқоридан уюштирилганини урғулашади. Бу рост гап. Агар юқоридан уюштирилмаганда, агар ўзбек милицияси ва ҳукумат истаганда бу тўполонни тезда бостириши турган гап эди…

Ўшанда ҳукумат ҳам аралашиб уюштирилган бу қирғинда юзлаб месхети турклари, ўнлаб фарғоналиклар қазо топди. Абдулазиз Маҳмуд фильмида, жабрланган туркларнинг гаплари берилади.  Улар бўлажак тўполондан ҳукуматнинг хабари бўла туриб, вақтида чора кўрмаганини, бу ҳодисаларнинг ҳаммаси юқоридан уюштирилганлигини, улар ўзбеклардан буни кутмаганликларини, бу фақатгина ҳукуматнинг изми билан амалга оширилганини таъкидлайдилар.

Шу арафада биз бирликчилар Ўзбекистон бош вазирига йўлиққанимизда Сирдарёда бир қанча турк оилалари қолганини, шуларни Ўзбекистонда олиб қолиш ва қардошликни йўлга қўйишни илтимос қилиб, туркларнинг вакиллари Бирлик Халқ ҳаракати номига ёзган аризаларини кўрсатдик. Аммо бош вазир, энди кеч, уларнинг асосий қисми кўчиб кетди, буларни ҳам ушлаб қолиш шарт эмас, деган фикрни айтди. Мухолифатнинг аксарият вакиллари ғинг дейишмай ўтираверишди. Демак бу қирғин ҳукумат (Москва ёки Ўзбекистон КГБси)нинг айрим қўли узун раҳбарлари томонидан уюштирилган, ўзбекистон ҳукуматидаги эси борлар ҳам сукут сақлаган ёки туркларнинг қирғинга учрамаслигига ёрдам бермаган. Ўша пайтда ҳатто мухолифат вакиллари ҳам масалага ҳалол ёндашгани йўқ. Газеталарда ўзбеклардан ўлганлар сони месхети турклариники билан тенг, деб ёзишди. Мингдан ортиқ месхети туркининг уйи ёндирилгани айтилмади…

Бу қирғиндан кейин Ахсика турклари фақат фарғоналик ўзбеклардан эмас, умуман ўзбек халқидан қаттиқ хафа бўлдилар. Ҳозиргача уларда бу хафагарчилик тарқамаганлигини мен кўп бора гувоҳи бўлганман… Бу ҳақда кейинроқ ёзилар…

Ўш-Ўзган фожиаси…

Ахсика турклари ва фарғона ўзбеклари ўртасида бўлиб ўтган қирғиндан роппа роса бир йил ўтиб, Ўш ва Ўзганда қирғизлар ва ўзбеклар бир-бири билан қир-пичоқ бўлганда ҳам деярли шу сценарий ишга тушган… Ўзбеклар Қирғизистонда (Ўш, Ўзган ва Жалолободда) яшаб туриб биздан бой яшашади. Биз ўз еримизда хароб аҳволда яшаймиз, деб гапиришган ва ёзишган… Ҳукуматдаги оми раҳбарлар ҳам оловга керосин сепишган: яъни ўзбеклар ғуж бўлиб яшайдиган ерларнинг атрофидан қирғизларга, қирғизлар кўпроқ яшайдига овуллардан ўзбекларга ер беришган… Абдулазиз Маҳмуд Қирғизистоннинг сал кейин раҳбарликни қўлга олган лидери (А. Ақаев) тили билан бу гапларда ҳақиқат борлигини тасдиқлайди: “Ўш вилоят партия қўмитаси котиби Усен Сиддиқов миллатчилик кайфиятидаги қирғиз ёшларига, сайловларда унга овоз беришлари эвазига, ўзбекларга тегишли ерларни ваъда қилган.” дейди А.Акаев.

Тез орада ҳар икки томон икки майдонда митинг бошлашган. Раҳбарлар ўзбекларга қарши қатли омга қаттиқ тайёрланишган: ўткир учли найзалар, пичоқлар ов қуроллари тайёрланган. Масалиев, Сиддиқов, кабилар қирғизлар бир-бирини таниши учун тикув цехларида ўзбекларга пешонабоғлар тиктиришган, ниқоблар тайёрланган.

Ўша пайтдаёқ бирликчилар ҳушёр экан. Ҳаракат лидерларидан (ўша пайтда СССР халқ депутати бўлган) Пўлат Охунов фожиадан 4,5 кун олдин Ўзбекистон президентига Қирғизистон жанубида қирғин тайёрланаётганини баён этиб хат топширган. Аммо президент бу ҳодисани олдини олишга ҳаракат этгани маълум эмас.

Абдулазиз Маҳмуд 1990 йил июн ва июлида олган ленталарда фожиани олдини олишга интилганлар Ўзбекистон ичидагина эмас, ташқарисида ҳам бўлгани акс эттирилган. Бу фильмда 1990-йил 4-6 июнь воқеалари ҳақида Владимир Калиниченко шундай дейди: «…бу очиқчасига ўзбекларга қарши қаратилган акция эди, бу ҳақда рўй-рост айтилиши керак эди. Мен ҳодисани борича айтайлик, десам, йўқ, сен бу ишинг билан миллатлараро низоларни авж олдирасан, дейишарди».
Ҳукуматдаги коммунистларнинг ўша пайтдаги нуқтаи назари шундай эди. Улар касалнинг иситмасини яшириб, ўлишига йўл очишган. Худди ҳозирги раҳбарлар каби ҳақиқатни айтиб, можорони тўхтатиб қолайлик, деганларни душманга чиқаришган.
Қирғизистонда Ўш Ўзган фожиалари бошланган кезлари ўнтача бирликчи йиғилиб Бош вазирнинг олдига кирганмиз. Қирғизистондаги қирғинни тўхтатиш масаласи кўтарилган. Бош Вазир бу гапни ўша пайтда қандайдир мажлис ўтказаётган президентга айтиб қўйишга ваъда берди. Гап орасида “Ишқилиб қирғизлар Олойдан отда келиб қолмаса гўрга эди”, деб сўзлади. Энди билсак, у кўп нарсадан хабардор бўлиб, бўлган фактни бўлажак факт сифатида айтган экан.
Ўша пайтда аллақачон, ўзбекларнинг уйларига олдиндан тайёрлаб қўйилган оқ латтадан белги осиб кетишган, қирғиз ёшларига ўзбекларга яқин жойда кўпкари ўйнашга “рухсат” беришган, уларга кечаси кишида ҳайвонона инстинклар уйғотадиган ароқ қуйиб беришган ва улар аллақачон “иш”ни бошлашган экан.. Қирғиз ҳукумати бу воқеларни бошқарган: ГАИнинг махсус машинасида ўзбек маҳалласида юриб, “қирғизлар қизларингизни зўрлаяпти, бостириб келишяпти”, деб ўзбек тилида правокация қилишган, қирғизлар орасига бориб, “ўзбеклар ерларимизни олиб қўйишяпти, қизларимизни зўрлашаяпти”, деб қирғиз тилида гапиришган. Шу тариқа отлиқлар ва пиёдалар маҳаллаларга бостириб келишиб, оқ латта осилган уйларни ёқишган, дуч келган ўзбекни сўйиб, отиб ўлдириш бошланган. Ўзбеклардан айримлари ўзини ҳимоя қилиш мақсадида қўшоғиз милтиғини ишга солган… Бу ҳолни эшитган қирғиз раҳбарияти верталётларда қирғиз ёшларига автоматлар етказиб беришган. А. Маҳмуд олган фильмларда ўшликлар верталёт номеригача айтиб берган. Шу тариқа кечагина бир-бири билан борди келиб юрган икки қардош халқнинг вакиллари бир бирини сўя бошлайди. Автоматлар ишга тушгани ва ҳукумат бу ишга бош қўшгани учун ўзбек туркийларидан кўп одам ҳалок бўлган. Орада Чингиз Айтматов Москвадан туриб, бирлик раҳбарияти билан гаплашгани, сўнг учиб келгани, улар улуғ адибимиз Одил Ёқуб билан бирга ёниб турган оловни ўчиришга ҳаракат қилишгани ҳақида, Абдураҳим Пўлат ёзган. Чингиз оға бу ҳодисалар оқибатини кўриб йиғлаганини, ўз қавми бўлмиш қирғизларга қарата “ҳайвонлар” деганини эшитганлар бор.

Абдулазиз Маҳмуд олган фильмларда Ўш ва Ўзганда яқинлари қурбон бўлган жабрдийда халқнинг ва бирликчиларнинг собиқ СССРнинг пойтахтига бориб, Олий совет биноси олдида ва бошқа жойларда пикетлар ўтказишганини тарих учун муҳрлаб қўйган. “Қизил Майдонда жойлашган Тарих музейи ёнида қўлларида шиорлар ва чақириқлар кўтарган, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари туришибди. Уларнинг қўлларидаги: “Ўш қирғинидаги, минглаб болалар, қариялар ва аёлларнинг ўлимига ким жавоб беради!” “Қирғизистон раҳбарлари суд этилсин!”, “Йўқолсин большевик хонликларнинг қўғирчоқ ҳукуматлари!..” каби шиорларни кўрсатар экан: жабрланган ўзбек аёли босқинчи қирғизлар унинг эрини тириклайин ёқиб юборишганини чуқур изтиробда гапириб берганини, яна бир  ўзбек аёлининг интервьюсида шунга ўхшаш фожиа ошкор этилганини кўрамиз. “Ўш Ўзган фожиаси” Филмида Ўзбек оналарининг нолаю-афғони ҳаққоний акс эттирилган…
Ўзбек мухолифати вакиллари балки ўзбеклар кўпроқ ҳалок бўлгани учундир, фақат ўзбеклар ҳақида кўпроқ гапиришган. Бироқ, А. Маҳмудовнинг кейинроқ олган бир киносида асалчи ўзбекларни яшириб ўзи қурбон бўлган бир қирғиз капитани ҳақида айтилган, Анвар Усмоновнинг Москвада чоп этилган бир мақоласида ўзбек қўшниларини асраб қолган қирғиз оилалари ҳақида ёзилган…

Аммо масалага сиёсий баҳо беришни Ўзбекистон ҳукумати талаб қилгани йўқ! Мухолифатнинг ва ўшлик жабрдийдаларнинг талабини эса шўро ҳукумати бир тийинга олмади. Шу тариқа бу қирғинга сиёсий баҳо берилгани, бу фожиаларни уюштирганлар, амалга оширганлар жазолангани йўқ. “Нега Москва қонхўрликнинг ташкилотчиларини жазолашни истамади? Бу низолар юқоридан режалаштирилган, деган гап тасодифий эмас. Оммага ошкор қилмасдан жазолаш ҳам мумкин эди. Ахир ортда ГУЛАГтажрибаси ва қатағон уюштириш малакаси катта эди.”, дейди Абдулазиз Маҳмуд диктор тили билан. Айримлар бу фикрга қўшилмайдилар. Фожиадан кейин айрим қирғизларнинг қамалганини айтадилар. Абдулазиз Маҳмуд: “Агар бу ходисалардан сўнг Апсамат Масалиевни Марказий Қўмита Сиёсий Бюроси аъзоси  қилиб олишмаганда, Ўш вилоят партия қўмитаси котиби Усен Сиддиқов янада юқорига кўтарилмаганда эди,  бу фикрга қўшилса бўларди.”, дейди.

20 йилдан кейин

Худди шу хил ҳолатлар туфайли 1990 йил июнидаги фожиа 2010 йилнинг июнида- роппа роса йигирма йилдан кейин яна такрорланди. Бу фожиа натижасида расмийлар ҳам тан олиб айтаётгандай, мингдан ошиқ одам (аслида бундан кўпроқ киши) қурбон бўлди, минглаб одамлар ярадор бўлишди, минглаб уйлар ёндирилди. Интернетдаги лавҳалардан сезилишича, ўнлаб ёш қизлар зўрланган. Йигитлар устига керосин сепиб ёқиб юборилган. Бу ҳам етмагандай, ёнаётган, ўзи шусиз ҳам ўлаётган одамларни, ҳатто она қорнидан ёриб олинган чақолоқни тепишган.

Содир бўлган фожиаларнинг ижтимоий сабаблари ҳақида А. Маҳмудов Игорь Савиннинг фикрини келтиради: «Қирғизларда шундай бир вазият юзага келдики: советлар даврида сунъий равишда қўллаб-қувватланиб келинган аҳоли мустақиллик чоғига келиб ишсиз, чорасиз қолди, агар уларга иқтисодий, ижтимоий ҳимояланиш шароитлари яратилганда эди, улар ўз қувватларини ана шуларга сарфлардилар ва ҳеч қанақа қабилавий онг ва ўзбекларнинг фаровонлиги уларга халақит қилмасди» дейди олим. Абдулазиз Маҳмуд шундан кейин москвалик журналист Юрий Ростнинг фикрини келтиради: «Қотиллик ҳеч қачон жазосиз қолмайди! Бу мамлакатга сингишиб у билан яхлитлаша олмаган  давлат тузилмасига сезилмаслиги мумкин, аммо инсоннинг ўзи ва атрофидагилар  пайқамай қолиши мумкин эмас. Табиат ўз-ўзини ҳимоя қилади, азалий қонунларни поймол этганларни аяб ўтирмайди. Қонунлар шундайки, инсонга ҳаётни  сен ато этмагансан ва уни ҳаётдан маҳрум этишга ҳам ҳаққинг йўқ. Бирор инсоннинг қандай яшаётгани сенга ёқадими, ёқмайдими – у билан келишиб яшайсан, бошқа йўл йўқ!», дейди у ўз суҳбатида. Аммо қотиллар жазоланаётгани йўқ!

Дарвоқе, 2010 йил июнидаги фожиалар пайти яна ўша эски ашула айтила бошланди. Қирғизлар ўзларининг ночор яшаётганини камбағаллигини ўзбеклардан кўришди. Ўзбекларнинг магазинлари ва кафелари, тўйхоналари ёқиб ташланди. “Ўзбеклар Қирғизистонда туриб, бой яшайди, сизлар камбағал” деган фикр ҳам қирғизнинг ақли ноқис расмийларидан чиққани аниқ. Игорь Савин айтганидай: «Сенинг оғир ҳаётингга порахўр амалдор – ўзингнинг қирғизинг айбдор, ёки бизнесменинг ёхуд жиноятчи каззобинг айбдор деб тушунтириш учун, кўряпсизки, қанча сўз ишлатиш керак?! Ўзбеклар ҳамма жойни эгаллаб олди, дейиш эса осон…» Жуда топиб айтилган сўзлар! Ўзбеклар бойиб, кетди, ҳамма жойларни эгаллаб олди, деган тарғибот таъсирида ҳалигача ўзбекларни тунаш давом этмоқда. Сен июн воқеларида қатнашгансан, 5 минг доллор тўламасанг устингдан жиноий иш очамиз, дейишади. Пули борлар беради, бермаганлар ё қамалади, ёки ўлдирилади. Бугунги ўзбекнинг аҳволи шу!

2010 йил июнидаги қирғинда 1170 дан кўп одам қупбон бўлган бўлса, шундан 80 фоизи ўзбек миллатига мансублигини билгани ҳолда, қирғиз ҳукумати асосан ўзбекларни қамамоқда. Бу шу пайтгача туркий халқлар ўртасидаги кўз кўриб қулоқ эшитмаган ваҳшийликдир. Бу ваҳшийликнинг илдизлари ҳақида “Ўтмиш ва келажак ўрталиғида” фильми сухандони шундай дейди: “Шафқатсизлик – одатга айланган бўлса-чи?! Балки улар соддалиги туфайли нима қилаётганликларини тушунмас?.. Айтишларича, Янги Гвинеяда одамхўр асматлар тўдаси яшар экан. Улар ўтган асрда, Нью-Йорк губернатори Рокфеллернинг ўғлини, ундан олдин капитан Кукнинг денгизчиларини пишириб еганлар. Улар, қўшнингни есанг, умринг узоқ бўлади, деб ўйлашар экан. Аввал бу анъанага қарши насроний голландлар курашганлар, кейин мусулмон индонезияликлар, аммо каннибализм енгилмади, яширин ҳолатга ўтди, холос”. Бизнинг кўрганларимиз бўйича каннибализм қирғизистон жанубида ўзини ошкор қилди.

Қирғиз жанубида ўзбек миллатига қарши геноцид бўлгани аниқ. Чунки, қирғиз фашистик тўдаларининг жиноий ҳаракатларида геноциднинг ҳамма белгилари бор. Биринчидан, фашистик тўдалар ҳукумат вакилларининг ёрдамида ўзбек миллатига мансуб фуқаролардан мингдан ортиқ кишини ўлдиришган. Қизларнинг номусига тажовуз қилинган, йигитлар тириклай ёқиб юборилган. Фашист қирғизлар кўчама кўча юриб, ўзбекларнинг ҳовлиларини талаб, сўнг ёқиб юборишган. Бу жабр зулмларни оддий сўз билан ифодалаш қийин. Жабр ситамларни, ваҳшийликларни фақат шеърий сўз ҳаққонийроқ ифодалайди.Ўшлик аёлнинг ушбу шеърини ўқинг!

Кимга сўнги манзил бўлди бу кўчалар,
Кўз ёшларга, қонга тўлди бу кўчалар,
Ўлган билан бирга ўлди бу кўчалар.
Кўчаларга “Қақшат” деган номлар беринг,
“Ваҳшат” деган , ”Даҳшат” деган номлар беринг!

Чиқиб қаранг Сулаймон тоғ тепасига,
Аза тўни ташланган Ўш елкасига
Ўликларин ўраб ўзбек кўрпасига
Кўчаларга “Ситам” деган номлар беринг,
“Алам” деган, “Мотам” деган номлар беринг!

Шу эканда, ризқ узатган қўлни узмоқ,
Ўз Ватанин бўлишганни уйин бузмоқ,
Мана энди, қораларни қилмайин оқ,
Кўчаларга “Бебурд” деган номлар беринг
“Бемурувват ”, “Беқут” деган номлар беринг!

Номин беринг Мелс аталмиш зўрингизни
Олам танир, одамхўр у бўрингизни,
“Йўқ!” десангиз кавлаб қўяр гўрингизни.
Кўчаларга “Зулм” деган номлар беринг
“Золим” деган, “Ўлим” деган номлар беринг!

Қанча номус топталдия , қанча иффат,
Чимилдиқмас, гўрга кирди неча хилқат.
Сиздан ҳатто Шайтон лаъин қилар нафрат.
Кўчаларга “Шаҳват” деган номлар беринг
“Ғорат” деган ”Офат” деган номлар беринг.

“Сартга ўлим” деб битилган чор деворлар,
Шармисордир ёғса ҳам-ки оппоқ қорлар.
Асли “сартга“ то Қиёмат қарзи борлар,
Кўчаларга “Лаънат” деган номлар беринг,
“Ғафлат” деган, “Ғурбат” деган номлар беринг!

Сизга ётку, “Раҳм”, “Шафқат ” деган номлар,
“Меҳр”, “Раҳмат”, “Оқибат”у “Эҳтиром”лар.
Токи давом этар экан қатлиомлар,
Кўчаларга “Кулфат” деган номлар беринг,
“Зулмат” деган “Куфрат” деган номлар беринг!

Ўз дўстини кўксига тиғ урган сиз-ку,
Ўз халқини сартга қарши қўйган сиз-ку,
Ўз айбини бошқаларга йўйган сизку!
Кўчаларга “Ярлиқ” деган номлар беринг ,
“Зўравонлик”, “Зорлик” деган номлар беринг!

Ўзбекларга тор келганда зиндонингиз,
Тилла билан тўлдимикин хумдонингиз,
Эл бошида турса агар нодонингиз,
Кўчаларга “Ҳасрат” деган номлар беринг,
Ҳавас ўлсин, “Ҳасад” деган номлар беринг!

“Путин” деган ном берибсиз чўққингизга,
Суратин ҳам чизиб қўйинг кўксингизга.
Мана энди ўхшаяпсиз ўзингизга,
Кўчаларга “Қўрқоқ” деган номлар беринг,
“Лаганбардор”, “Шалтоқ” деган номлар беринг.

БТР да юрганларми –қаҳрамонлар?
Масту-аласт, гиёҳванду беиймонлар,
Пул десангиз ўз онасин сотар жонлар!
Кўчаларга “Нотавон” деб номлар беринг,
Майли “Қирғиз- қаҳрамон” деб номлар беринг!

Токай бунда қотиллари қўрқмай сағир
Шеърларимдан хафа бўлманг ботса оғир,
Шаҳид кетган Ўшликларим ҳаққи ахир.
Кўчаларга “Қаттол” деган номлар беринг,
“Беюрагу” , ”Баттол”деган номлар беринг!

Кимга сўнги манзил бўлди бу кўчалар…
Кўз ёшларга, қонга тўлди бу кўчалар…

Бу шеър тош кўнгилларни эритади, дийдаси қотиб кетганларнинг ҳам кўзига ёш олишга мажбур қилади. Зеро бу ерда ифодаланаётган туйғулар ҳаққонийдир. Ҳозир ҳам тирик қолган ўзбеклар турли қийноқларга тутилмоқда. Юқорида ҳам айтилганидай, Азимжон Асқаровга ўхшаган ўнлаб тутқунлар ноҳақ маҳкамага тортилиб, умрбод ёки кўп йиллик қамоқ жазосига тортилган… Ҳозиргача ҳам бу қийноқлар давом этмоқда… Буниси энди даҳшат. Бу даҳшатларнинг сабабларини аниқлаб, жиноятчиларга жазо берилмаса, Қирғизистон деган юртнинг, фашистик тўдаларнинг озодликда яшаши мумкин эмас.
2011 йилнинг май ойида комиссия хулосалари эълон қилинди. «инсонийликка қарши жиноят содир этилган, зўравонликлар ва одамларнинг ўлими учун Муваққат ҳукумат айбдор. Куч ишлатар тизимлар низога аралашиб кетганлар ва зўравонларга қурол тарқатганлар. Қирғиз полицияси эса бир томоннигина очиқчасига қўллаб-қувватлаган»”. Бу биронта ўзбекнинг, ўзбеклар тузган комиссиянинг эмас, халқаро комиссиянинг фикри! Қирғиз ҳукумати ва ўша пайтдаги парламенти шу даражада юзсиз, эканки, бу комиссиянинг хулосасини ҳам нотўғри деб топди. Минглаб ўзбеклар ўлдирилганини кўриб туриб ҳам ўзбекларни ёмонлашди. Фильм сухандони: “Бишкек  қирғиннинг айбдорлари сифатида ўзбекларнинг ўзини кўрсатди. Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишларича, энди қирғинлар  қонуний тус олди”, дейди.

Бу ҳам етмагандай,комиссия раиси Киммо Кильюненни персона НОН ГРАТА, (яъни Қирғизистонга қадам ранжида қилиши мумкин бўлмаган зот), деб эълон қилишди.”, дейди А. Маҳмудов. Киммо Кильюнен эса уларнинг режаларини эшитиб ҳайрон қолганини билдиради: «Мен тушунмадим, мутлақо тушуна олмадим! Қирғизистонда персона нон-грата эмишман!  Бу мамлакатни яхши кўраман! Мен Қирғизистоннинг дўстиман! Мен бу мамлакатда кўп йиллар ишлаганман. Бу ерда дўстларим кўп, ҳатто парламентдаги кўплаб депутатларни танийман – улар менинг яхши дўстларим эди. Бу яна қанақаси бўлди?.. Мен келажакда ҳам бу мамлакатга ёрдам беришни истардим. Агар ярашув жараёни жиддий  бошланса, ҳамкорлик қилишим мумкин, ҳозир эса бунинг иложи йўқ! Афсус!»

Қирғизистоннинг ҳозирги президенти Алмазбек Атамбаев эса, ўзини қардошларнинг ҳомийси, дўсти сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Туркия парламенти олдида турк тилида нутқ сўзлаган Алмазбек Атамбаев ”Қадим замонларда бизларнинг халқларимиз ҳамиша бир бирига ёрдам бериб келган”, дейди. Тўғри ёрдам бериб келган. Аммо нега у ҳозирги пайтда мингдан ошиғи қазо топган, ҳозирда ҳам миллатчи қирғиз тўдалари томонидан хўрланаётган ўзбек қардошларига ёрдам бермаяпти? Нега бу қирғинларни уюштирган ултра миллатчи Ўш мери Мирзакметов ҳалигача отда бўлиб, ўзининг ёвуз ишларини давом эттиряпти? Нега Қирғизистон президент ҳам, парламент ҳам жиноятчиларни миллатидан қатьий назар жазолаш кераклигини айтганлари ҳолда, амалда жим қолмоқдалар? Қирғиз мухолифати эса жиноятчи тўдаларни жазолаш кераклигини талаб қилаётгани йўқ. Бишкек  қирғиннинг айбдорлари сифатида ўзбекларнинг ўзини кўрсатди. Ўзбек мухолифати лидерларидан айримлари Ўш ва Жалолобод ўзбеклари мухторият талаб қилишлари керак, деган ғояни илгари суришмоқда. Бу ҳақда фильм персонажларидан бири, Россия мусулмонлари вакили Ҳазрат Дамир Мухитдинов ҳам фикр билдириб: “Албатта, мусулмон бўла туриб ҳам, биз ўз миллий илдизларимизни, анъаналаримизни унутмаслигимиз керак. Ҳар бир халқ ўз она тилини ўрганишга, эҳтимол, ўз халқи маданиятини ўз фарзандлари ва набираларига етказиб бериш учун ўз мухториятига ҳам эга бўлишга ҳақлидир», дейди. Агар Қирғизистонда демократия қарор топганда эди, бу ғояни илгари суриш мумкин бўларди. Ҳозирги хаос шароитида бу ғояни илгари суриш ёнаётган оловга керосин сепиш билан баробардир. Ўзларининг жонларини омон сақлаб қолиши даргумон бўлган ўзбекларга Сиз мухторият талаб қилинг, дейиш ақлсизликнинг яққол кўринишидир. Бу масалада ўзбек мухолифати ва қирғиз мухолифатининг асосий лидерлари фақат ўз халқлари тарафида бўлганлари уларнинг қардошлик ва инсонийлик қонунларидан бехабарлигининг белгисидир.

Туркий халқларнинг душманлари кўп. Бизнинг бирга бўлишимизни Россиягина эмас, Хитой, Америка давлатлари ҳам истамайди. Агар исташганда, жануб қирғизларининг қонли мажоролари бошлангандаёқ БМТга аъзо давлатлар дод солиб, мажорони тўхтатишган бўлишарди. Улар: “қирилиб битсин, бу туркийлар”, деган шиор асосида индамай туришди…
***
Ботир НОРБОЙ
Филология фанлари доктори

http://yangidunyo.org

Comments are closed.