Марказий Осиё туркийларига нима бўлган?

botir norboy(иккинчи мақола)

“Кимки миллатчиликка чақирса, биздан эмас. Кимки миллатчилик устида урушса, биздан эмас. Кимки, миллатчилик устида ўлса биздан эмас”.
(Имом Абу Довуд Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис)

Собиқ СССР ва мустақиллик йилларида Марказий Осиёда бўлиб ўтган фожиаларнинг баъзи сабаблари ва уларнинг айрим ечимлари

Тарихий сабаблар…

Буюк туркий-ўзбек шоири Абдулҳамид Чўлпон 20 йиллардаёқ, тарихни “кўзимнинг нурини аямай ўқидим”, деб ёзган ва тарихимизда қонли даврлар кўп бўлганини таъкидлаган. Ҳақиқатан ҳам, узоқдаги ташқи душманларни қўйиб турайлик, бир-бирига қўшни бўлиб турган туркий ва эроний халқларнинг ҳукмдорлари, ҳатто Хива, Қўқон хонликлари, Бухоро амирлиги ўртасида ҳам катта кичик уришлар бўлиб турган… Асосан туркийлар бошқарган бу уч хонлик бир-бири билан келишаолган эмас. Шу туфайли ҳам Чор Россияси уларни бирма бир ҳалокатга учратиб босиб олган. Бир-бири билан келишаолмаган миллат чет душманларга қул бўлиши осон.

Чор Россияси ҳам, СССР ҳукуматини қурган коммунистлар ҳам туркийларнинг ўзаро келишиб, бир давлат бўлишини исташмаган. Туркистон Коммунистик партияси маркизий Қўмитасининг бир мажлисида Совет Русияси Туркистон комиссиясининг раиси Ван Эрнстович Рудзутак: Мен турк жумҳуриятининг ташкил этилишига қаршиман. Ҳақиқатда бир турк миллати мавжуд эмас. лекин туркманлар, қозоқлар, қирғизлар ва ўзбеклар бор”, деган (Г.Ф. Дакшлейгер. Историография Советского Казахстана. Олма ота. 1969, 20, 21 бетлар). У бир бирига яқин лаҳжада гаплашувчи қозоғу қирғиз, ўзбегу туркманнинг бирлигини истамагани учун ҳам шундай фикр юритган. Шу учун ҳам Совет ҳукумати қурилгандан кейин туркий элларни бўлиш режалари бирин-кетин амалга ошди. Бу ҳақда профессор Боймирза Ҳайит шундай ёзади: “1924 йилнинг октябрида Туркистон Мухтор Совет Жумҳурияти, Бухоро ва Хоразм жумҳуриятларига барҳам берилди. Уларнинг тупроқлари ва аҳолиси Ўзбекистон ва Туркманистон Совет социалистик жумҳуриятларига, Ўзбекистонга боғлиқ бўлган Тожикистон Мухтор Совет жумҳуриятига, Қора Қирғиз Мухтор вилоятига ва Қирғиз (Қозоқ) Мухтор совет жумҳариятларига тақсим этилди”. Маълумки, бундай бўлинишдан кейин, 1929 йили СССР таркибидаги Тожикистон Совет социалистик Жумҳурияти, 1936 йили (1920 йилда Русия Совет федератив Жумҳурияти идораси остида бўлган) Қозоғистон Мухтор Совет жумҳурияти Совет Жумҳурияти сифатида СССРга қўшиб олинди. Бу республикаларнинг ўз конституцияси, Олий совети бўлишига қарамасдан, тўлиғинча Москвага бўйсунар ва Коммунистларнинг чизиқларидан чиқишлари мумкин эмас эди…”

СССР ҳукумати бизни Республикаларга ажратиш билан бирга чегараларимизни ҳам белгилаб беришди. Туркийлар, шу жумладан тожиклар ҳам асрлар давомида бир-бири билан аралашиб яшаб келишган. бир қишлоқда қозоқлар яшашса, иккинчисида ўзбеклар, учинчисида туркманлар ёки уйғурлар, ёнгинасида тожиклар яшайверишган… Дунё яралгандан бери Тошкент ва Чимкент, Урганч ва Тошовуз (Дошўғиз), Тошкент ва Хўжанд каби шахарлар ўртасида чегара бўлган эмас. Аммо 20-30 йилларда бошида туркийларнинг душмани (Хоразм империясининг вориси Жалолиддин Гуржистонни босиб олганлигини яхши билган) Сталин бошлиқ СССР ҳукуматининг ўша пайтдаги раҳбарлари Республикалардаги қўғирчоқ ҳокимларни кўндириб, халқларнинг инон ихтиёрисиз шундай чегарлар чизиб беришдики, уларнинг ҳар бирининг остида “секин портлайдиган бомбалар”ни жойлаштиргандай бўлишди. Яъни, минг йиллардан бери туркий ўзбеклар ҳам яшаб келаётган Ўш ва Жалолободни Қирғизистонга, ҳозир ўзини ўзбек атайдиган ўғизлар, (хоразмликлар) ҳам яшаб келган Дошўғиз ва Чоржўйни Туркманистонга, қозоқлар яшаб келган Томди, Конимех туманларини Ўзбекистонга, Хўжандни (1936 йилгача Ўзбекистон таркибида автоном бўлган) Тожикистонга “бериб юборишган”. Бунинг биринчи сабаби туркийларнинг бирлашувидан ҳайиқиш эди. Бошида Сталин бошлиқ коммунистлар турган СССР ҳукумати туркийларнинг бир пайтлар Турк ҳақонлиги, Олтин Ўрда, Ўзбек хонлиги, Қозоқ хонлиги, Хоразм ва Амир Темур империясини, Қўқон, Бухоро, Хива, хонлиги каби давлатларни тузишганини ва агар бу миллатлар бирга яшашса, тил бирлиги пайдо бўлишини, қудратли давлат вужудга келиб, ўз ҳақ ҳуқуқлари учун курашишлари, ҳатто, мустақилликларни талаб қилишлари мумкинлигини идрок этишган. Аммо туркийларнинг асосий аҳолиси бу бомабалар бир кун келиб портлашини, оғани инидан бегона қилишини билишмаган. Натижада бу оми одамлар ўрислар чизиб берган чегараларни ҳақиқий деб билиб, бу ер Ўзбекистон, бу ер Қирғизистон… ва ҳакоза деб, ўзларича бошқаларни ўз ҳудудларидан сиқиб чиқаришга интилишди. Яширишнинг нима кераги бор!1989 йили Фарғона ўзбеклари ўзлари билмаган ҳолда (ҳокимиятнинг ва КГБнинг кўринмас кўмагида) Асхика туркларини бу тупроқлардан чиқиб кетишга мажбур қилишди. 1990 йили қирғизлар Ўш ва Ўзган ўзбекларини улар минг йиллардан бери яшаб келган юртларидан қувиш ҳаракатига тушиб, қатлиом уюштиришди. Ва ниҳоят 20 йилдан сўнг бу қатлиом янаям даҳшатли даражада такрорланди… Деярли барча урушларда, чегарани чизиб берганларнинг кўринмас бомбалари “портлади”: титулли миллатларнинг “бу бизнинг еримиз, қани туёғингни шиққиллат”, деган даъво асосий даъво бўлди. Қадошлик. Қондошлик қонунлари унитилди…
Агар коммунистлар туркий халқларнинг дўсти бўлишганида, туркий халқлар учун бу хил “бомбали” чегаралар ясаб беришмаган, уларнинг тилини, урф одатини бир-биридан узоқлаштирмаган ва фожиалар келиб чиқмаган бўларди.

Замонавий сабаблар…

Туркистон халқларини эксплуатация қилиш, ерларимиздан чиқаётган қазилма бойликларни марказга бемалол олиб кетиш учун СССР ҳукуматига тинчлик керак эди… Бу тинчликни сақлаш учун ҳукумат айниқса, 60 – 80 йиллар оралиғида ўзаро дўстлик, қардошлик сиёсатини амалга оширди: республикалараро ўтказилган турли тадбирлар, адабиёт ва санъат декадалари халқларимиз орасида ҳамжиҳатлик, дўстлик туйғулари пайдо бўлишига ёрдам берди, Аммо Республикалар мустақил бўлгач бу туйғулар чуқур илдиз отмагани, туркийлар қонида мақола бошида айтилган бўлиниб яшаш туфайли пайдо бўлган ўзаро душманлик кайфияти йўқолиб кетмагани, аксинча, ердошлик, уруғчилик, тор миллатчилик кайфиятлари бўй кўрсатиши мумкинлиги сезила бошлади…

1989 йили Асхика турклари ва Фарғона ўзбеклари ўртасидаги юқорида айтилган қонли можороларнинг ҳам, 1990 йили бўй кўрсатган Ўш-Ўзган фожиасининг ҳам, 2010 йилги Ўш, Жалолобод, Бозорқўрғон фожиаларининг ҳам маънавий-руҳий илдизи асли шу ерда. Иккинчи сабаб ўша даврдаги иқтисодий, ижтимоий етишмовчилик ва йўқчиликни тузумнинг нобоблигидан эмас, туркий қавмларнинг бир-биридан кўришидир. 1989 йилги фожиа пайти ҳам фарғоналик оми кишилар ўзларининг камбағал яшаётганидан, туркларнинг эса яхши ҳаёт кечиришидан шикоят қилишган. “Улар данғиллама ҳовлиларда яшашади, биз уч оила каталакдай уйда яшаймиз”, деб интервью беришган. 2010 йил июнидаги фожиалар пайти яна ўша эски ашула энди қирғизлар томонидан айтила бошланди. Жанублик қирғизлардан бир қанчалари ўзларининг ночор яшаётганини, камбағаллигини ўзбеклардан кўришди. Ўзбеклар, (шу жумладан асхика турклари ҳам) илгаритдан уддабурро халқ: тижорат билан, деҳқончилик билан шуғулланиб келишганлиги ҳисобга олинмаган. Яшовчан, меҳнаткаш ва фидоий ўзбеклар илгариги – 1990 йилдаги Ўш-Ўзган қирғинидан кейин ҳам бу ишларни давом эттиришган, магазинлар ва кафелари, тўйхоналар очишган. қирғизнинг ақли ноқис расмийлари “Ўзбеклар Қирғизистонда туриб, бой яшайди, сизлар камбағалсиз” деган фикрни худди ўзлари каби ақли ноқис омма онгига сингдиришган. Абдулазиз Маҳмудга интервью берган рус олими Игорь Савин айтганидай: «Сенинг оғир ҳаётингга порахўр амалдор – ўзингнинг қирғизинг айбдор, ёки бизнесменинг ёхуд жиноятчи каззобинг айбдор деб тушунтириш учун, кўряпсизки, қанча сўз ишлатиш керак?! Ўзбеклар ҳамма жойни эгаллаб олди, дейиш эса осон…» Жуда топиб айтилган сўзлар! Ўзбеклар бойиб, кетди, ҳамма жойларни эгаллаб олди, деган тарғибот қирғизлар онгига ёмон таъсир қилган… Уларда ўзбек бойларига нисбатан хусумат пайдо бўлган. Шу тариқа фашистлашган тўдалар биринчи навбатда бой турадиган ўзбекларнинг жонига ва кейинчалик молига чанг солишган. Бу ҳол бошқача шаклда ҳалигача давом этаётганини интернет тармоғида чиқаётган мақолалар тасдиқлайди… Ҳолбуки бу фожиа юз бермаслиги мумкин эди. Бу ҳақда Игор Савин шундай дейди: «Қирғизларда шундай бир вазият юзага келдики: советлар даврида сунъий равишда қўллаб-қувватланиб келинган аҳоли мустақиллик чоғига келиб ишсиз, чорасиз қолди, агар уларга иқтисодий, ижтимоий ҳимояланиш шароитлари яратилганда эди, улар ўз қувватларини ана шуларга сарфлардилар ва ҳеч қанақа қабилавий онг ва ўзбекларнинг фаровонлиги уларга халақит қилмасди»…

Хуллас, 1989 йилги Форғона фожиасида Ахсика турклари фарғона ўзбеклари томонидан, 1990 йилдаги Ўш-Ўзган қирғинида ўзбеклар қирғизлар томонидан, 2010 йил июнида ҳам ўзбеклар қирғиз фашистлари томонидан қирғин қилинди.
Бир қатор тарихчилар ва журналистлар Фарғона фожиасини КГБ уюштирганини айтиб келишади. Бу ҳақ гап, аммо, агар юрагида қардошлик туйғулари чуқур илдиз отганида бу урушни уюштира олмаган бўларди… 1990 йилги Ўш-Ўзган фожиаси пайти кўплаб ўзбеклар қурбон этилди. Буни ҳам дастлаб КГБнинг бўйнига юклашди. Аммо кейинроқ бу қонли мажорода Қирғизистоннинг ўша пайтдаги раҳбарларининг ҳам қўли борлиги маълум бўлиб қолди. Аммо улар вақтида жазоланмади. Аксинча авалгидан ҳам юқорироқ лавозимларга кўтарилишди.

2010 йил июнидаги қирғиннинг сабаларидан бири ҳам аввалги қотилларнинг ўз жазосини олмагани бўлди. Анча-мунча кишиларнинг ёстиғи қуритилгандан кейин уларни афсоласофилинга жўнатганлар ялло қилиб юрганини кўрган фашистлашган тўдалар, демак 90 йил қирғинини давом эттириш мумкин, деган хаёлга боришди ва амалий ҳаракатларини бошлашди…
Кейинги қирғиннинг яна бир сабаби Қирғиз ва ўзбек ҳукуматларининг масалага панжа орқасидан қарагани бўлди. Агар икки ҳукумат истаса бу қирғинни тўхтатиш мумкин эди. Аксинча, ҳамма республикаларнинг хукуматлари, оми аҳолиси СССР коммунистлари белгилаб берган чегараларни қонун билиб, шошилинч равишда сим тўсиқлар қўйиш, Чегараларни миналаштириш бошланди. Чегараларда турадиган, қардошлик қонунлари нима эканлигини билмайдиган айрим думбул чегарачилар бошқа миллатларга ёт назар билан қараб, қуроллардан ўт очиш, ўлим ҳоллари юз бера бошлади. Қанчадан-қанча оддий, бегуноҳ одамлар қурбон бўлишди… Бир миллат фуқаросининг ўлимига ўзга республика раҳбарлари ачиниб қараш ўрнига ўз чегарачиларини ҳимоя қилишга кўпроқ эътибор беришди.

Бу хил тенденциялар министрликларга, вилоят ва туман ҳокимияти вакилларига ҳам таъсир қилмай қолмади. Жойларда (масалан, Қирғизистон жанубида М. Мирзакметовга ўхшаган) миллатчи раҳбарлар ҳам пайдо бўлгани ҳозир бутун дунёга аён бўлди… Айрим туркий республикалардаги расмий газеталарда бу хил ватанпарварлик кенг тарғиб қилина бошланди. Шу тариқа очиқ айтилмасада: Туркманистон туркманлар, Қирғизистон қирғизлар, Ўзбекистон ўзбеклар, Тожикистон тожиклар учун сингари тенденциялар омма онгига сингий бошлади. Бунинг устига бу республикалардаги титулли миллатларнинг “жонкуярлари” тили, маданияти, урф одатини сақлаш учун жон куйдира бошлашди. Мустамлака пайтида ўз тили ва урф одатини сақлаш учун қаттиқ куюниш ва курашишни тушиниш мумкин. Аммо мустақиллик деганининг ўзи ҳар бир республикадаги титулли миллатга анча-мунча имтиёзлар бериши табиий ва ортиқча чиранишга ҳожат йўқ эди. Қизиғи шундаки, баъзи республикаларнинг бир-бири билан учрашганда ака-укамиз, дўстмиз, деб айтадиган раҳбарлари бу хил тор ватанпарварликни қўллаб қувватлашди. Ҳолбуки, буюк рус ёзувчиси Лев Толстой “Ватанпарварлик ва давлат” номли мақоласида айтганидай: “бу хил ватанпарварлик туйғуси нотабиий, ноқилона, зарарли, инсониятни изтиробга соладиган туйғу бўлиб, оқил кишилар томонидан барча воситалар ёрдамида ерга урилиши, йўқотилиши лозим”.
Аммо бу хил ватанпарварлик юқори доиралар томонидан қўллаб қувватланди. Биз, қадим Туркистоннинг бир қисмида (Қўқон ёки Хива хонлиги ё Бухоро амирлиги таркибида алоҳида), ўрис империяси пайтида Туркистон бўлиб, коммунистлар даврида СССР таркибида биргаликда яшаб келсакда, бугунги кунга келиб ҚАРДОШЛИК, ИНСОНИЙЛИК ҚОНУНЛАРИНИ УНУТИБ ҚЎЙДИК.

БИРНИКИ МИНГГА, МИНГНИКИ ТУМАНГА

Гарчи тўрт туркий мамлакат Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия ва Қирғизистоннинг раҳбарлари ва зиёлилари бирлашиб қатор яхши тадбирлар ўтказаётган бўлсада, Марказий Осиё туркийларининг баъзилари бош қўшмаётганининг, айниқса оддий аҳолининг бу улуғ воқеага бефарқлигининг ўзларига боғлиқ ва боғлиқ бўлмаган объектив сабаблари бор. Биринчидан, туркийларнинг қатор вакиллари, хатто туппа тузик зиёлилари ҳам, у ёки бу туркий ёки бошқа миллатлар ҳақида бўлмағур мақоллар, латифалар тўқишни ҳали ҳам тарк этмаганлар. “Тожикдан дўстинг бўлса, ёнингда ойболтанг бўлсин”, дейди бир оми ўзбек оғзининг таноби қочиб. Қозоқнинг ақли ноқис бошқа вакили эса, бу мақолни “Ўзбекдан ошнанг бўлса, ёнингда ойболтанг бўлсин”, тарзида ишлатади.

Агар эътибор берган бўлсангиз, Шўро даврида ўзбеклар ичида тожиклар, қозоқлар ёки қирғизларнинг устидан кулиш учун тўқилган, ёки асинча, тожиклар, қирғизлар орасида ўзбекларни майна қиладиган латифалар бўларди… “Бир куни бир тожик, (ўзбек, қозоқ, қирғиз…) деб оғзини таноби қочиб, бу гаплар қандай оқибатларга олиб келишини англамай гапирадиган латифагўйлар бўларди. Аксариятимиз уларнинг гапига “ваҳ-ҳоҳ-ҳо” лаб кулардик. Кейинги пайтларда турли миллатга мансуб туппа тузик қизиқчилар (бунинг салбий оқибатларини билган ёки билмаган ҳолда) бу хил латифаларни катта концерт залларида гапириб, гўё одамларни кулдириб юришди… Латифагўйлар концерт залларида айтган латифалар бир пайтнинг ўзида минглаб одамларга етиб боради. Тағин машҳур қизиқчилар бу хил латифаларни дискка айлантириб оммага соттиради. Миллионлаб одам бу хил миллий адоват уйғотадиган латифаларни эшитади ва фалон миллат пистон экан, деган фикрга тўғри деб ишонади…

Бу хил нохуш ишларга халқ орасида машҳур зиёлилар ҳам бош қўшганининг гувоҳи бўлганмиз. Ҳозир Ўзбекистон Қаҳрамони бўлиб юрган бир шоирнинг туркия турклари ҳақида: “Лўлисифат халқ, одамни алдаб, чув тушириб кетади”, деганини эшитганмиз. Назаримизда у умр бўйи раис бўлиб ишлаган отасидан ёки онги ўсмай қолган бирон қишлоқдошидан бу гапни эшитиб қолган ва сўзининг оқибатини билган ёки билмаган ҳолда такрорлаб юради… Чунки бу гапни у бизгагина эмас, шогирдларига ҳам айтиб юргани аниқ. Бир куни ўша “қаҳрамон”га яқин юрадиган ва унинг ҳар бир гапини ҳақиқат сифатида қабул қиладиган бир шогирди: “турклар оферист халқ”, деганини кўпчилик йиғилган даврада айтиб қолди. Устозимиз, профессор Бегали Қосимов унга: “Бу гапингиз нотўғри. Турклар бизнинг қардошларимиз, улардан ўзбек ёки қозоқ ҳеч қачон зарар кўрмаган ва кўрмайди ҳам”, деди. Биз ҳам домлани фикри тўғри эканлигини айтиб: “Сиз у қаҳрамонга ишонманг. У туппа тузик шеър ёзиб юрган бўлсада, туркийлик нима эканлигини билмайди” дедик. У жим қолди ва узоқ йиллар бирга юрганимизда бу гапни қайта такрорламади.

Худди шу “машҳурлар” туфайли миллатнинг оми вакиллари (афсуски, туркийлар орасида омийлар оз эмас) руҳида бир-бирови ҳақида салбий фикр ва туйғулар шаклланади. Салбий фикр шакллангандан кейин у отадан болага, маҳалладан маҳаллага ўтавергандан кейин 1989 йили Фарғонада, 1990 йили Ўш ва Ўзганда, 2010 йил июнида Ўш ва Жалолободда бўлиб ўтган қирғинларга йўл очилади…

Шу хил ижобий. (баъзан салбий) фактларни эсласак “Бирники мингга, мингники туманга” деган мақол эсимизга тушди…


ДЕМОКРАТИК МУХОЛИФАТ ИЧИДАГИ МИЛЛАТЧИЛИК АЖАБЛАНАРЛИ…

Шўро даврида Марказий Осиё – Туркистонда (туркларнинг КГБ уюштирган Фарғонадан қувилишини ҳисобга олмаганда) ҳукуматга мухолиф фикрда бўлган туркийлар орасидаги салбий маънодаги миллатчилик касали аён кўриниб турмасди. Қайта қуриш ва ошкоралик даврида Марказий Осиё – Туркистон ҳудудида турли ҳаракатлар, партиялар тузилиб иш бошлашганда ҳам мухолифат ичида тор маънодаги миллатчилар деярли йўқ эди. Жанубий Қирғизистондаги 2010 йилдаги қонли воқеалардан кейин қирғиз ва ўзбек мухолифати ичида ҳам миллатчилик борлиги маълум бўла бошлади.

Қатли ом бўлаётган, борингки, қирғизлар ва ўзбеклар бир бирини ўлдираётган пайтда Қирғизистондаги ўзини демократик деб билган партиялар ва уларнинг лидерлари жим туришди… Тўғри, Азиза Абдирасулова (миилати қиғиз) каби фидоийларга ўхшаган, икки миллат учун баравар жон куйдирган Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бўлди. Аммо партия ва ҳаракатларнинг ичидан (балки улардаги ахборотларда қирғизлар жабрланаётгандай кўрсатилгани учундир), бу хил жонкуярлари чиқмади…
Бу қатли омлардан кейин қирғиз ва хорижда юрган ўзбек мухолифати вакиллари, лидерлари орасида ҳам тор манфаатларга яқинлашган миллатчилар пайдо бўлгандай… Ўзбек мухолифати вакиллари ҳокимият, милиция, прокуратура ва суд органларидаги миллатчиларни, фашистик тўдалар ва мафиозларнигина эмас, бутун қирғиз халқини айблайдиган фикрларни илгари сурдилар. Қирғиз аҳолиси, зиёлилари ўртасида (балки улардаги ахборотларда қирғизлар жабрланаётгандай кўрсатилгани учундир) қатли омни тўхтатиш зарурлиги ҳақида баёнот берганларни кўрмадик. Ўзбекнинг кўкрагига уриб юрган қаҳрамон шоир ва адиблари ҳам жим қолишди. Ўзбек мухолифатининг айрим вакиллари эса фашистлашган тўдалар ҳақида гапирганда эмас, умуман қирғизлар ҳақида гап кетганда ҳам “Ялпоқ юзлар” … “ит қирғиз” сингари ибораларни ишлата бошладилар… Қирғиз журналистлари “сарт”ларни аямай мақолалар ёзишди. Қирғизлар бошқа миллатларни кўрарга кўзи йўқ.. деб ёзган ўзбеклар ҳам бўлди.

Албатта, биз уларнинг нафрати сабабини тушунамиз. Аммо баъзи ўбекларнинг қатли ом учун бутун “ялпоқ юзли”ларни айблашганини, қирғиз зиёлилари бу пайтларда жим туришганини тушанмаймиз. Ахир, мўғиллар, японлар, хитойларнинг юзи ҳам ялпоқку! Аллоҳ уларга шундай башара бергани учун улар айбдор эмаску! Бугина эмас, ўзбек мухолифати ичида фақат ўз миллати манфаатларини ўйлаб, Қирғизистонгагина эмас, Қозоғистон, Туркманистонга ҳам асссиз равишда қарши гапирадиган кишилар оз бўлсада, чиқиб қолди. Айтайлик, улардан бирлари (М: Бирлик дидери Абдураҳим Пўлат) бу мамлакатлардаги табиий бойликларда ўзбекларнинг ҳам ҳиссаси борлиги ҳақида ҳам гапира бошладики, бу яхшиликка олиб бормайди.

Хуллас, биз салбий маъно ташийдиган миллатчиликка йўл қўймаслигимиз, туркийлик, инсонийлик ғояларини юқори кўтараверишимиз керак.

ТАРБИЯ МАСАЛАСИ

Туркийлар, умуман барча халқлар тинч-тотув яшашини таъминлаш учун туркийларнинг каттадан кичигигача тарбиялаш керак. Бу ишни бола тарбиясидан бошлаган маъқул. Биз, фалон ердан, пистон уруғдан эканлигимизни биринчи планга чиқармасдан, ҳаммамиз туркий эканлигимизни, Одам алайҳи вассалам авлоди эканлигимизни болаларнинг қулоғига қуйишимиз зарур. Ҳар куни қозоқ, ўзбек, қирғиз, туркман, қорақолпоқлар бир ота-онанинг фарзандлари эканлигини айтишдан, тарихий ва замонавий мисоллар билан сўзларимизни исботлашдан чарчамаслигимиз лозим.

Иккинчидан, миллатларни ёамонлайдиган, камситадиган, бир бировга ёв қиладиган мақоллар, латифаларни мутлақо тўқимаслигимиз ва айтмаслигимиз шарт.

Учинчидан, катта ёшдаги турли миллат кишилари Шўро даврида асосан қардошлик қонунлари асосида яшашди… Ўша пайтлари ўбеклар Туркистон ёки Сайрам, Дошўғиз ёки Чоржўй ўзбекларники демади, қозоқлар Тошкент ёки Конимех фақат қозоқларники демади, тожикларнинг ақли бутунлари Самарқанд ва Бухорони талашмади. Бугунги кунда биз бу оталардан ибрат олиш билан бирга бу ҳудудлар у ёки бу халқники эмас, Марказий Осиёда яшаётган барча халқларнинг ери, деган фикрни, ғояни болаларгина эмас, ўспиринлар, талабалар ва ҳатто катта ёшдаги кишилар онгига сингдиришимиз ўта зарурдир.
Учинчидан ҳукуматларимиз ҳеч бўлмаса Шўро давридагидек, адабиёт ва санъат ўн кунликларини, турли қардошлик фестивалларини, байрамларни биргаликда ўтказишни ташкил этишга ёрдам беришлари лозим. Шундагина халқларимиз орасида маънавий-руҳий яқинлик пайдо бўлади. Дўстлик ва қардошлик туйғулари чуқур илдиз отади…

Ботир Норбой.
Фан доктори, адабиётшунос.

Comments are closed.