ББС меҳмони – адабиётшунос олим Ботир Норбой

botir norboyБотир Норбой – Ўзбек мухолифати 1980 йилларда норасмий ҳаракат сифатида фаолиятини бошлашидан олдин ҳам ўзининг мухолиф қарашларини расмий доираларда изҳор этиб бошлаган зиёли.
У 1947 йилда Хива шаҳрида туғилган.
1971 йилда Ўзбекистон Миллий университети(собиқ Тошкент Давлат университети)нинг филология факултетини тугатган ва Тошкентдаги Ғафур Ғулом нашриётида фаолият юритган.
Михаил Горбачёвнинг қайта қуриш, ошкоралик сиёсатидан руҳланган зиёлилар қаторида Ботир Норбой ҳам 1930 йилларда қатағон қилинган истеъдодли ўзбек ижодкорлари Чўлпон ва Фитратнинг асарларини нашр этиш керак, деб ҳисоблайди ва Ўзбекистон коммунистик фирқаси раҳбариятининг мафкура сиёсатини минбарларда ошкора танқид қилади.
Тошкентда ташкил этилган ”Оролни асраш қўмитаси”нинг фаоли сифатида Орол денгизининг қуриб бораётгани оқибатлари ва Оролни қутқариб қолиш зарурлиги ҳақида жамоатчиликни огоҳ этиш ҳаракатларида фаол иштирок этади.
”Москвадаги Сув вазирлигида махсус мажлис ташкил этиб, сизлар Оролни қуритдингиз, деб СССР вазирларига дўқ-пўписа ҳам қилганмиз”, деб эслайди Ботир Норбой.
Норасмий ҳаракат сифатида фаолият бошлаган ”Бирлик”нинг сафига Ботир Норбой биринчи кунлариданоқ қўшилади.
Ботир Норбой ”Бирлик” Халқ ҳаракати ташкил этган илк очлик амалиётларининг биринчи иштирокчиларидан бўлган.
Бир неча марта қисқа муддатларга қамалган, сабаби ”одамларни митингларга чиқишга даъват қилганим, Тоғли Қорабоғни озод қилиш қўмитасининг аъзоси бўлганим”, дейди Ботир Норбой.
Филология фанлари доктори Ботир Норбой 1990 йилларнинг охирларидан Қозоғистондаги олий ўқув юртларида ўзбек тилидан сабоқ беришни бошлайди
Ботир Норбой адабий мунаққидликка бағишланган қатор китоблар муаллифи.
Шу кунларда у Ўзбекистонда ижоди тақиқланган шоир ва ёзувчилар ижоди ҳақидаги китоб устида ишламоқда.


Би-би-си меҳмони Ботир Норбойнинг саволларга жавоблари

Бердиёр Жумаев, Қашқадарё: Ботир ака! Таржимаи ҳолингизни ўқиб кўрсам, ТошДУда бир пайтда ўқиган эканмиз. Кейин эслаб қолдим. Ўша пайтлари ҳам шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар бўлганда чиқиб гапирардингиз. Шоирларни шунчаки эмас, курашчан шеърлар ёзишга даъват қилардингиз. Таржимаи ҳолингиздан ”Бирлик”чи бўлганингизни ҳам билиб қолдим. Икки савол бермоқчиман. 1-Курашчанлик, ҳақиқат учун куйиб ёниш кишининг табиатида бўладими ёки шундай курашчан муҳитда пайдо бўладими?

Ботир Норбой: Ноҳақликка қарши кураш руҳи ёшликда ҳаммада ҳам озми-кўпми бўлиши мумкин, аммо тарбия, ижтимоий муҳит туфайли у авж олиши ёки сусайиши бор гап. Ўзимдан қиёс: ёшлигимдан онам раҳматлик, фақат ўзингни ўйласанг кофир бўласан, кўпчиликни ўйлаш керак, деб кўп айтардилар. Шу тарбия ва адабий асарлар таъсирида бўлса керак, қандайдир куюнчакликка ўхшаган нарса менда бор эди. Улуғ Навоийнинг ”Одаме эрсанг демагил одаме, ониким йўқ халқ ғамидин ғами” каби доҳиёна сатрлари, Пушкиннинг ”шу ёвуз замонамда куйладим эркни мақтаб, хор зорларга ачинмоққа чақирдим” каби халқ манфаатини ўйлаш ҳақидаги мисралари руҳимга сингиб кетган. Шу учун табиатимда жангарилик сақланиб қолган. Бир-иккита мисол келтирай. Мактабда ўқиётганимизда пахта теримига олиб боришганида бизга зуғум ўтказа бошлаган бир ўқитувчига қарши чиққанман. Эрталаб, этигини вақтида кия олмаган синфдошимизни калтаклади. Далага боргач, мен синфдошларни пахта теришдан бош тортиб, уйларимизга қочиб кетишга даъват қилганман ва бу иш бўлган. Ҳамма ўғил болалар 10,12 километр йўл босиб пахтадан қочиб кетиб, бир ҳафта ўқитувчиларнинг кўзига кўринмай юрганмиз. (буни ҳозирда соғ-саломат юрган синфдошларимиз тасдиқлашса керак) Сўнг уйма-уй юриб бизни йиғишган ва пахта теришга олиб кетишган. Иккинчи мисол: талабалик йилларимизда пахтага борганимизда домлаларимиздан бири (устозимиз Ботир Акромов) дам олмай пахта тердирмоқчи бўлганда, мен қаршилик билдирган, курсдошлар олдида ”биз терган пахталар Россияга текинга юборилади, термаймиз”, деб туриб олганман. Ўша пайтда пахта сиёсий масала эди, яхшиямки, домла (Ботирхон ака) бу гапни юқорига етказгани йўқ. Аммо мажлислардан бирида мени авантюрист деб атагани эсимда… (Бу ҳақда Махмуд Саттор ”Миллий тикланиш”да чиққан бир мақоласида айтиб кетган) Ғафур Ғулом нашриётида ишлаганимизда фан номзодлигини ёқлаганман. Ёқлаб келганимнинг эртасига профсоюз бошлиғи пичан ўришга юбормоқчи бўлган. Кўнмаганман. ”Мен дуч келган жойга бориб ишлайверадиган қул эмасман”, деганимдан кейин мажлисда муҳокама қилишган. Одил ака Ёқубов тасодифан мажлисга кириб қолиб, гап нимадалигини билиб қолган ва мени ҳимоя қилган. Акс холда ўшандаёқ меҳнат дафтарчамга ёзиб, бўшатиб юборишарди. Кейинчалик, Ўзкомпартия сиёсатига қарши чиққанлар сафида курашганимизда ишдан бўшашга мажбур қилишган. Хуллас, курашчанликнинг, ”Бирлик”чи бўлганимни шахсимга ва муҳитга боғлиқ сабаблари бор.

2-Савол: Мухолифатчилар бир-бири билан муттасил баҳслашади, бир-бирини сотқин, хоин деб айблайди. Шу ҳодисаларга қандай қарайсиз? Филолог олимсиз, шу атамаларни шарҳлаб бера олмайсизми?

Ботир Норбой: Мухолифатчиларнинг бир-бири билан баҳслашиши табиий ҳол. Аммо арзимаган нарсалар учун ҳам бир-бирини хоинликда. сотқинликда айблаши тўғри эмас. Хоин, сотқин сўзлари оғир сўзлар! Абдураҳим Пўлатга, Муҳаммад Солиҳга, борингки, Ислом Каримовга қаршилик қилган, уларнинг йўлидан юрмаганларнинг ҳаммаси ҳам сотқин ёки хоин эмас. Менимча, халққа тинимсиз ва муттасил равишда ёмонлик қилганларнигина хоин, сотқин дейиш мумкин.

Камол: Sizningcha o’zbek аdabiyotida Shekspir va Lev Tolstoyga tenglasha oladigan yozuvchi yoki shoirlar bo’lganmi yoki bormi?

Ботир Норбой: Ўзбек адабиётида Лев Толстойга кўп ва хўб ёзиши жиҳатидан Алишер Навоийни, агар туркий адабиёт маъносида бўлса, Чингиз Айтматовни тенглаштириш мумкин. Шекспир даражасидаги дрматурглар афсуски, ўзбек адабиётида йўқ.

Абдулла Юсупов: Ботир ака салом. Мен ҳам Хиваданман. 1988 йилда сиз билан Урганчдаги Вокзал ресторанида ”Бирлик”нинг Хоразмдаги илк ташкилий йиғилишида учрашганмиз. Ўшанда сиз ”Бирлик”нинг Хоразмдаги бўлимига рассом Шуҳрат Бобожоновни тайинлаб кетувдингиз. Аммо Бобожонов кейинчалик ”Бирлик”дан узоқлашиб, журналистикага кетиб қолди. Бундан афсусланмайсизми?

Ботир Норбой: ”Бирлик” бўлингандан кейин Хоразмдагина эмас, бутун Ўзбекистонда хам халқ ҳаракатининг пароканда бўлганига афсусланаман. ”Бирлик”даги бўлинишдан кейин Шуҳрат Бобожон ўзини ”эрк”чи деб атаганлар сафига ўтиб кетди. Ҳозирда бу иш яхши ёки ёмон бўлди, деб муҳокама этишнинг вақти эмас. Ўша бўлинишдан кейин ҳам Хивада ”Бирлик” яшаб қолди… Шуҳрат Бобожоннинг журналистикадаги ишларига ижобий қарайман. Унинг Икром Ёқубовдан Андижон қирғини ҳақида олган интервьюси, ”Қурултой” каби туркум эшиттиришлари бебаҳодир! Айни замонда ”Чодир хаёл” туркумидаги эшиттиришларидан айримларини такрор-такрор берилиши ”Озодлик”нинг мухлиси сифатида менга ёқмайди.
Араббой Қодиров, Поп: Ассалому алайкум ҳурматли Ботир ака! Сизни Қирғизистонда ўзбек миллатига бўлаётган муносабатлар тўғрисида фикрларингизни билмоқчи эдик. Ҳукумат ўз қилмишларини тан олмаётганлигига нима фикр билдирасиз?
Ботир Норбой: Ҳурматли Араббой! Наманганнинг бир қишлоғида туриб, Қирғизистон ўзбеклари тақдири билан қизиқаётганингиз менга руҳ бахш этади. Чунки Ўзбекистон ичкарисидаги кўп одамлар бу воқеаларга негадир бефарқ қарашади. Ўзбек миллатига Қирғизистондаги фашистик тўдаларнинг муносабати ўзини одамман, ўзбекман, деб билган кишини бефарқ қолдириши мумкин эмас. Оддий ўзбекларни кўя турайлик, ўзини ўзбекистон қаҳрамони деб билган, ”Ўзбек музликларни ватан деб билса ўша ерларга меҳримни берардим”, ”лекин аввал сенга бўлсам содиқ ўғлон Ўзбегим” деб шеърлар ёзган Абдулла Ориф, Эркин Воҳидларнинг бефарқлигидан ранжийман…

Деярли ҳар куни Қирғизистондаги ўзбеклар ҳақидаги материалларни ўқиб, қирғиз фашистик тўдаларига лаънатлар айтаман. Айни замонда қирғизларнинг ичида ҳам фашист даражасига етмаганлар бормикан, деб умид қиламан. Биз инсон бўлсак, ўзбек бўлсак, қирғиз фашистларига: ”Ўзбеклардан қўлингни торт”, дейишга мажбурмиз! Ҳукумат ўз қилмишларини тан олмаётганлигига нима фикр билдирасиз?”, дебсиз. Бу ҳақдаги фикрим салбий. Ўтган йилги июн ойидаги ўзбекларни қатли ом қилишда, шу қонли ишларнинг бошида ўнлаб қўштирноқ ичидаги ”арбоб”лар туришди. Булар арбоб тугил одам дейишга ҳам арзимайди. Ҳозирда ҳам Қирғизистон ҳукуматида уларнинг қўли баланд. Жорий Президент Роза Ўтинбоева (2011й.) арбоб сифатида улардан қўрқиши кўриниб турибди… Агар вазият шу кетишда давом этса, Роза Ўтинбоеванинг, Қирғиз парламентининг жиноятчиларни жазолашга қўли калталик қилса, гумонимча, Қирғизистонда фашистик ҳукумат расмийлашади. Аммо бу қирғиз халқининг зарарига бўлади. Агар аҳвол шу даражага етса, Қирғизистон давлатчилиги барҳам топиши муқаррар.

АҚШдан Абдулазиз Якубов ва Швециядан Муҳаммадсолиҳ Абутовларнинг саволлари Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ҳақида

Ботир Норбой: Мен ҳозир ”Бирдамлик” халқ демократик ҳаракатида фаолият олиб бораяпман. Мен қурол кўтариб юрмаган барча мухолиф кучларни ҳурмат қиламан. Дастлаб Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаолияти нималардан иборат эканлигини англай олмадик. ЎХҲ номидан берилган баъзи материалларда Ўзбекистон ичкарисидаги (арбоб)лар гапимизга қулоқ осишмаса, бошқа йўлларга ўтамиз, деган мазмундаги гапларни ўқиб, ”нима қилишмоқчи экан”, деб тўғриси мени ўзим шубҳаландим. Аммо Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллигига бағишланган тинч, нозўровон намойишларни кўриб гумоним тарқагандай бўлди. Гарчи бу ҳаракатлар таъсирида, ҳозирча, мамлакат ичкарисида бирон жиддий ўзгариш бўлишига кўзимиз етмасада, Халқ ҳаракати фаолиятини, тинч, нозўровон курашини давом эттиравериши керак, деб ҳисоблайман. Амбиция масаласига келганда, Баҳодир Чориевни энг амбицияси кам лидерлардан деб биламан. Балки ҳозир мен айтмоқчи бўлган гаплардан кимлардир кулар, аммо ноумид шайтон! Балки бир кун келиб, Ўзбекистон раҳбари, ”шу мухолифатчилар жонимга тегиб кетди, мени оламга шарманда қилишяпти, улар айтган ислоҳотларни ўтказа қолай” , деб ишга тушиб кетармикан, деб умидланаман.

<Bakhtiyar.Imamov@bbc.co.uk>

Comments are closed.