“Ажаб,бизнинг Туркистон,доим ер билан яксон…”

botir norboy(Биринчи мақола)

Халқимиз аҳолисининг аксарияти демократик жамиятда яшаб кўрмаган бўлсада,Инсон бўлганлигимиз учун,Инсонийликни улуғлаган,халқпарвар жамиятни орзу қилган ойдинларимиз,шоир ва ёзувчиларимиз тарихда ҳам оз бўлмаган. Халқнинг орзу умидларини куйлашга масъул бўлган адабиёт,хусусан,шеъриятда озми кўпми демократик қадриятларни куйлаш,уларни тарғиб этиш тамойили бор…

Демократик тамойилларга интилиш,Инсоний қадриятларни куйлаш қадим даврлардан,хусусан,Аҳмад Яссавий,Лутфий,Отойи ва Навоийлардан бошланган бўлса-да,унинг  Туркистонда нисбатан кенг қулоч ёйиши ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларига тўғри келади. Чунки,бу даврга келиб,Туркистон ҳудудлари Россия томонидан босиб олинган,зулм ва истибдод кучайган ва айни замонда,Ғарбга хос цивилизация (телеграф,радио,газета) Туркистонга ҳам кириб кела бошлаган эди…

Ҳозирда Ўзбекистонда яшаб ижод қилаётган ўзбек адабиётшунослари ҳам тан олиб айтишаётганидек,  айтилган даврда Муқумий,Фурқат,Аваз Ўтар,Тавалло,Ҳамза,Айний,Чўлпон,Фитрат,  ижодлари сифат жиҳатдан янги адабиёт бўлиб шаклланди. Зулм ва истибдод кучайиб,пичоқ суякка етгани,айни замонда,Ғарбга хос демократиянинг айрим элементлари пайдо бўлгани учун халқпарвар адабиёт ҳам шунга яраша ривожлана бошлади. Маълумки,1898 йили Андижонда Мадали Эшон бошчилигида,деярли стихияли қўзғалонлар бўлиб,пичоқ,қилич,пилта милтиқлар,кетмон ва паншахалар билан қуролланган қўзғалончилар яхши қуролланган ўрис аскарларининг тўп ва пулимётларидан қурбон бўлишди,охир оқибат,Дукчи эшон ва қўзғалончиларнинг аксарияти қўлга олиниб,халқнинг кўзи олдида дорга тортилди…Бу ҳол адабиёт аҳлига ҳам ҳар хил таъсир қилди (гарчи Дукчи эшон қўзғалони айрим ёзувчилар,тадқиқотчилар томонидан ўрганилиб,асарлар ёзилаётган бўлсада,ўша даврнинг ўзида ҳам рус босқинчилигига қарши асарлар ҳам битилган бўлиши керакки,Ўзбекистондан йироқда бўлганлигимиз учун буларни тадқиқ қилиш имокониятидан маҳруммиз)…Аммо ўша даврда яшаган шоирлардан Муқумий,Фурқат кабилар бу воқеага  салбий муносабатда бўлганлари,Муқумий Дукчи Эшонни ҳажв қилгани маълум. Гарчи енгилган бўлсада,диний йўналишда бўлсада,биз мустабид босқинчиларга қарши қаратилгани учун ҳам Мадали эшон қўзғалонига ижобий қарашимиз,Муқумий ва унга ўхшаган шоирларнинг бу ҳаракатини аксилдемократик ҳол сифатида баҳолашимиз керак. Аммо Муқумий ва Фурқатнинг хонлик ва амирлик тузимига қарши кайфиятда ёзган асарлари ҳам борки,улар,шубҳасиз деморкатик тамойилларга мисол бўла олади.
Демократи тамойилнингн битта белгиси,халқнинг ёнини олиб,унинг кайфиятини акс эттирувчи асарлар битишдир. Муқумий,Фурқат гарчи хон ва амалдорларга қарши очиқ ойдин асарлар битмаган бўлсаларда,уларнинг тиргаги бўлган,оддий халқни бир тийинга олмайдиган “Ёқаси тугмалик” амалдорлар,инсофсиз бойларга қарши илгариги шоирлардан кўра кескинроқ ғазаллар ёздилар. Муқумий бир ғазалида:“Зулм ила қаҳру ғазаб изҳор қилмоқ шунчалар”,деб ёзаркан,аёнларни ҳар бир Инсонга инсон сифатида қарамагани,унинг бой ёки камбағаллигига қараб муомала қилинаётганини айтиб:

Келса олдингизга бойсурат ёқоси тугмалик,
Иззат ила,шоду миннатдор қилмоқ шунчалар,
Гарчи келса,эски тўн,биздек дуогўйи фақир,
Камбағалнинг хирқасидан ор қилмоқ шунчалар,

дея айблайди. Шу тариқа Инсонга Инсондай муомала қилиш зарурлигини таъкидлайди. ”Фурқат:“Эй,Қўқон боёнлари,сизлардай инсонларга туф,талтайиб файтунда сурган даври давронларга туф”,сингари мисралар битаркан,жамиятдаги зулм ва зўровонлик тузим ҳомийлари туфайли юз бераётганини урғулайди. ХIХ аср охири ХХ аср бошларидаги аҳвол шундай эди. Оддий халқнинг эрксиз вакилларига,бою баёнлар,амалдорлар томонидан,худди Абдулла Қаҳҳор,“Ўғри” ҳикоясида ҳам тасвирлагандек,асосан паст назар билан қаралар,ва уларнинг талаб истаклари ҳисобга олинмасди. Ижтимоий сиёсий фаол одамларга,уюшмаларга эга бўлмаган жамият ҳамиша шу хил касалликлар билан оғриб келган…

ХХ аср бошларига келиб,узоқ замонлардан бери у ёки бу тарзда ўртага  отилган жадидчилик ғоялари туркия турклари,қрим татарлари,озарбайжонлик адиблар таъсирида Туркистон ҳудудларида ҳам шакллана бошлади. Жадидчиликнинг тарқалиш географияси ва мақсадлари ҳақида улуғ тарихчи олимимиз Боймирза Ҳайит Анкарада чиқадиган “Миллий эгитим ва култур”,(миллий таълим ва маданият) журналида 1981 йил босилган мақоласида ёзади:“XIX асрда бутун ислом дунёсига ислоҳ йўли билан замонавийлашиш жараёни ҳоким эди.Туркистонда ,Усмонли императорлиги Истамбул,Қрим,Озарбайжон,Қозон,Ҳижоз ва Ҳиндистонда,мусулмон ҳаётини ислоҳот ўтказиш йули билан янгилаш фикрлари тарқалаётган эди.Усмонли императорлигидан Мустафо Рашид Пошонинг ислоҳот ғояси,Қрим олими Исмоил Ғаспирали Бейнинг,Озарбайжоннинг маърифатпарвар ёзувчиси Мирза Фатали Охундзоданинг ва Козонда Шахобиддин Маржонийнинг ғоялари ҳожилар,мактублар,сайёҳлар ва тужжорлар воситаси билан Туркистондаги Зиёлиларга илҳом бермоқда эди…Жадидчилик харакати,янги усулда таълим ва тарбияни теваракдаги Оврупо цивилизациясига мослаштириш эмас,балки оврупо цивилизациясини ўрганиб,уни миллий маданиятга хизмат эттиришнинг бир ифодаси эди…Усул-и Жадид мактаблари бой турклар томонидан қурилаётган,уларнинг мудирлари ва ўқитувчилари эса мадраса таҳсили кўрган,Оврупо ва бошка турк мамлакатларидан келаётган фикрларни газета ва журналлар воситаси ила ўрганган зиёлилар эди. Янги усулда дарс бериш йўлини ўрганмоқ учун Туркистондан Қримга вакил ўқитувчилар юборилганди. Мактабларда турк тили грамматикасини қулай ўргатмоқ учун Мунаввар Қори 1901 йилда “Адиб-и соний”номли китоблар ёзган ва нашр эттирган эди”.

Туркистон ҳудудида жадидчиликнинг тарқалишида Исмоил Ғаспиралининг ҳиссаси катта бўлди. Қримлик бу маърифатчи олим томонидан жиддий асосланган жадидчилик ҳаракатининг шабадалари Туркистонга “Таржумон” газетаси шаклида тарала бошлади. Жадидчилик ғоялари ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларига ҳам етиб келгач бу руҳ кучая бошлагани,турли уюшма фа ҳаркатлар иш болагани,шоирларнинг эса,айни шу уюшма ва фирқаларнинг ғоялари таъсирида ижод қила бошлагани кузатилади. “Ижтимоий турмуш” ҳамда “Туркистон мухторияти” ҳаракати,“Чиғотой гурунги”,“Ёш хиваликлар”,“Ёш бухороликлар” сингари уюшмаларнинг ғоялари таъсирида Аваз Ўтар,Ҳамза,Чўлпон,Фитрат С.Айний ижодлари халқ норозилигининг акс садосига айлана  борди. Жадидларнинг асосий ғояси замонавий мактаблар очиш,уларда диний фанлар билан бирга дунёвий фанларни ўқитиш эди. Аммо кўп ўтмай,жадидлар ҳам  иккига  бўлинди. Бир хил жадидлар фақат диний илмларни ўқитиш тарафдори бўлиб чиқдилар. Таълим тарбия масаласида,ҳатто,Амир Темур ва Улуғбек даврларидан ҳам орқага кетилган пайтлар бўлди. Қадимчилар деб ном олган дин пешволари тараққийпарвар жадидлар билан баҳслашишар ва кўпинча анъанавий яшаш ва илм олишни қўллаб қувватлашарди. Амир ва беклар раҳнома бўлгани учун кўп ҳолларда жадидлар  эмас,қадимчилар енгиб чиқарди. Улуғ таризхчи олимимиз Боймирза Ҳайитнинг гувоҳлик беришича,ўтган асрнинг бошларида Бухорода қадимчиларнинг қўллари баланд келган. Бироқ,тарққийпарвар жадидлар ҳам ўз ҳаракатларини давом эттирган ҳудудлар бор эди. Бу ҳақда Боймирза Ҳайит шундай дейди:“Аммо ,ХIХ асргача бир гурух мударрислар мактаб ва мадрасаларда барча илмларнинг ургатилиши фикрларидан ва талабаларидан воз кечмагандилар.XIX асрда Самаркандда Абу Саид,Андижонда Фозил домла,Вобкентда Мумин Хужа ,Бойсунда Мулла Худойберди ва Козонда Шахобиддин Маржоний каби олимлар мадрасаларда (қадимчи Б.Н.) Шерозийдан олдинги илмларни кабул килиш фикрини илгари сурардилар,факат муваффакиятга эриша олмадилар”. (Б. Ҳайит. Юқоридаги манба)

Тарққийпарвар жадидлар қанчалик ҳаракат қилишмасин,уч хонликка бўлинган,асосан диний илмларнигина ўргатишга ружу қўйилган замонда аниқ ва гуманитар фанларни ҳам ўргатадиган мактаблар очиш,муаваффақиятга эришиш осон кечмаган. Амир ва хонлар асосан дин уломоларининг фикрини ҳисобга олар,кўпчилик ҳолларда эса,юқорида ҳам айтганимиздай қадимчилар,(бугунгидаги каби анъанавий турмуш тарзинигина қўллаб қувватлайдиганлар) енгиб чиқарди. Лекин,давр илгарилаган сари тарааққийпарвар жадидларнинг қўли баланд кела бошлади. Шу фондаАваз Ўтар,Ҳамза,Авлоний каби адибларнинг замонавий мактабларни тарғиб қилгувчи асарлари пайдо бўла бошлади.

Туркистонлик бу жадид шоирлар жамиятнинг орқага кетишини асосан халқнинг маърифатдан узоқлигида деб билишарди. Аваз Ўтар,Ҳамза,Авлоний каби шоирлар замонавий мактаблар очиш,халқни маърифатли қилишни,тил ўрганишни тарғиб ва ташфиқ қилибгина қолмасдан макктаб очишни кескин бир йўсинда талаб қилишарди. Аваз Ўтар амалдорларга қарата:“Йўқса,одаммиз,очиб,мактаб,илм билдирсангиз,бехабар илми ҳунардин,бизни ҳайвон этдингиз”,дея ҳайқирди. Ёшларга:“Ғайри тилини саъй қилинг,билгали ёшлар,тил билмаганичун Авазнинг бағри тўла қондир”,дея насиҳат қилди. Айний,Хамза,Авлоний сингари қатор шоирлар ижодидадан ҳам бу хил шеърларни топиш мумкин.
Садриддин Айний замонавий мактаблар очилишининг ижтимоий аҳамиятини шундай тушунтиради:

Мактабсизлик бизни килди яп-яланғоч,
Мактабсизлик бизни этди талон-тарож.
Мактабсизлик Турон элин ўлдирди оч,
Кўзингни оч,бу хўрликдан мактабга қоч.

Бу шоирлар марифатчи,тараққийпарвар  жадидларнинг вакили сифатида ижод қилишаркан,оммани маърифатли қилиш,уларни маълум жамиятларга уюштириш йўли билан халқ онгини ўстириш,шу орқали мустақилликка,ҳеч бўлмаса,мухториятга эришиш мумкин,деб ўйлардилар. Аммо худди ҳозирги Ўзбекистондагига ўхшаб,амир ва беклар халқнинг замонавий билим олишларини ва онглари ошишини  кўп ҳам ҳоҳлашмас,онгли аҳоли турли уюшмаларга жам бўлиб,фирқалар пайдо бўлишидан,ўзларининг яккаҳокимлик тизими ўзгаришидан ҳайиқишарди. Шу тариқа ўша пайтда ҳам марифатдан,сиёсий маданиятдан узоқ шахслар турли табақалар орасида кўпая борди. Жадид шоирлар эса,марифат ва маданиятни ўстириш йўлида чолишмаганларни,улар ким бўлишидан қатъий назар,танқид остига олдилар.

А. Авлоний   ўзининг «ёш савдогар  тилиндан»  шеърида  «Онам— оқча,тоғам—олтун;    отам — чўнтакда     червоним» деб билган типлардан бирини фош этади. Бу тип пулнинг қудратини яхши билади:«Ҳазил қилманг менинг бирлан,бу пуллар менга аскардур.  Бири — арслон,  бири — қоплон,    бириси мисли аждардур,ишорат    бирла    дунё айши қошимға мусаххардур»  дея гердаяди. Бу тип ҳозирда Ўзбекистонда яшаб айшини суриб юрган,халқнинг зулм,ишсизлик остида эзилаётганини кўриб кўрмаганга олаётган ўнлаб,юзлаб бизнесменларга жуда ўхшаш. Бугунги кунда,Ўзбекистон ичида халқ манфаатини ўйлайдиган садогарлар,зиёлилар йўқ,деб бўлмайди,аммо улар орасида ўз бизнесини,ўз бола чақаларинигина ўйлаб,халқ манфаати йўлида қўлларини иссиқ сувдан совуқ сувга урмаётганлари оз эмас. ХХ аср бошларида Авлоний миллат манфаатини уйламай юрган шу хил тижоратчи зиёлиларни инсофга чақирган,уларни фаолиятпарвар одамга айлантиришни истаган эди. Худди шу истак унинг илҳомига қанот бағишлаб гоҳ юмористик,гоҳ сатирик шеърлар ижод этди. А. Авлонийнинг «Жамиятларга аралашмаган савдогар тилиндан» шеърида хонанишин бўлиб,ташқи дунё ишларига аралашмай уйда ўтириб қолган савдогар-зиёлининг ички дунёсини очишга ҳаракат қилади:

Англамайман дард  надур,  ҳасрат  надур,
Билмагайман ҳиммату ғайрат надур.
Мажлис надуру жамият надур,
Нутқ сўйлаб элга насиҳат надур-
Тинч ўтирмоқ яхши минг афсонадан,
Тилни тиймоқ яхшидур сўзонадан.

Ажабо,бу тип – бугунги:эл дарди ва ҳасратини англамайдиган,тилни тиймоқ яхши деб биладиган,ҳақиқатни айтмайдиган,халқ манфаатини ўйламайдиган,сармояси бўлсада,уни юрт манфаати йўлида ишлатишни ўйламайдиган,тинч ўтиришни касб қилиб олган савдогар зиёлиларга нақадар ўхшаш.Тарғибот ва ташвиқот йўли билан элни ижтимоий фойдали ишларга йўллаши мумкин ва лозим бўлган зот маънавий дангасалик касалига йўлиққан. Шу туфайли дунёни сел олса тўпиғига чиқмайди. Халқнинг аҳволи,дунёнинг қайси томонга кетаётгани билан,(ҳозирги зиёлилар каби) ҳеч иши йўқ. Ўзбекнинг бойлари бойликларини халқни маърифатли қилиш,миллатнинг маънавиятини ўстириш,курашаётганларни қўллаб қувватлаш йўлида эмас,бошқа ношаръий мақсадларда ишлатишни,амалдорларга пора тиқиштиришни,уларга ялтоқилик қилишни хуш кўрадилар.

Аваз Ўтар,Ҳамза Ҳакимзода шеърларидан сезилишича,улар фаол ижод қилаётган даврда ислом уломоларининг бир қисми,айрим эшону муллаллар ҳам нотўғри ва ножоиз йўлдан кетиб қолган кўринади. Аваз Ўтар бир шеърида шу хил эшонлардан бирини кўзда тутиб:«Эшон дегани либоси малла,Ўғрига шеригу,ғора далла,Рангини кўринг,бу бенавонинг,Ҳанги эшаги эрур Худонинг,Масжидни ўзига дом этибдур,Билмам буни ким имом этибдур”- деб ёзади. Шўро адиблари бу хил асарларни таҳлил этишганда,уларни Исломга қарши мисралар сифатида кўрсатишарди,ҳолбуки,тарихий маълумотлардан сезилишича,Аваз ҳам,Ҳамза ҳам беш вақт номозни канда қилишмаган,исломни яхши билган кишилар эди. Улар Исломни эмас,динни ниқоб қилиб,пул ва бойлик ортирадиган,ислом фарзларига ва суннатларига амал қилмайдиган эшонларни танқид остига олишарди. Маълумки,Исломий фарзлардан бири,Аллоҳ учун рўза тутишдир. Ҳамза ўзининг бир шеърида Аллоҳ учун эмас,дунёвий бойликлар учун (“Чунки ҳар ифторчининг бир чопони бор учун”) рўза тутган айрим муллаларнинг кирдикорларини фош этади.
Аваз Ўтар,халқнинг уйғонмаётганининг сабабини мулла ва эшонлардан,тузумнинг нобоплигидан кўрар экан,халқнинг иқтисодий ва маънавий аҳволини ҳаққоний манзараларда ифодалайди:

Йўқ жаҳон мулкида биздек,ожизу бечора халқ,
Зулм тиғи бирла бўлди,бағри юз минг пора халқ,
Бир неча авбошлар бундоғ ҳукмронлиғ айласа,
Қолмагай,оре на янглиғ,меҳнату озора халқ…

Бу мисралар ўша ХХ аср бошларида яшаб ўтган халқ ҳақида эмас,бугунги кунда мамлакат ичкарисида ҳақсиз,ҳуқусиз яшаётган,“бир неча авбошлар ҳукмронлиғи” туфайли мамлакат ташқарисида ҳам “меҳнату озорга” қолган халқ ҳақида битилганга ўхшайди.

Ажабо,орадан юз йил ўтибдики,ҳалиям ўзбекнинг асосий қисми хору зорликда умр кечиряпти. Бу авбошларнинггина эмас,Сизу бизнинг:халқ учун жон куйдирмаётган тижоратчилар,зиёлилар,адиблар,журналистларнинг ҳам айбидир. Миллатнинг маънавий раҳномоси бўлиши лозим бўлган адибларининг ижодларини ўқиб,бу гапда жон борлигига ишониб бормоқдамиз. Тўғри,мамлакат ичидаги бадиий зиёлилар орасида Одил Ёқубов (ҳозирда марҳум),Учқун Назаров,Собит Мадалиев каби ҳақиқатнинг кўзига тик қараб,журналистларга интервью беришдан ҳайиқмайдиганлар,Гулчеҳра Нуриллаева,Дадахон Ҳасан,Юсуф Жума,Карим Баҳриев каби ижоди билан ҳам курашаётганлар бор. Аммо икки уч минг бадиий зиёли журналистлар орасида бармоқ билан санарли кишиларнинггина шу хил фаолият юритиши ўзбек жамияти учун уятли ҳолдир. Озарбайжон,Қозоғистон,Россия мамалакатларида яшаб ижод қилаётган адиблар фаолиятига ўзбек зиёлилари фаолиятини солиштирсангиз,уятли ҳолга гувоҳ бўласиз…Юқорида айтилган уч мамлакатда демократик қарашлар илгарилаган,халқ ичида фуқаролик жамиятлари тузилган,партия ва бошқа жамоат уюшмалари фаолият кўрсатмоқда. Бизнинг юртимизда эса бу хил ҳаракатлар расман бўлмасада,амалда таъқиқланган…
Қрангки,бир пайтлар Ҳамза ва Авлоний ўз ижодлари билан халқни  уйғонишга,озодликни қўлга олишга чақираркан,миллатимизни бошқа миллатлар билан солиштирган ва кескин хулосавий мисралар битган эди:

Ҳама илму ҳунар асбобини олмоқни истарса,
Чафон,чалма,риё сотмоқға хўп тужжор — биз,миллат.
Тафаккур соясида ўзгалар шаҳду шакар ерса,
Турурмиз бақрайиб ҳар гўшада бекор — биз миллат.

(Авлоний. «Биз миллат»),

Ўзгалар миллатичун моли жони-ла қурбон,
Фикру дониш йўлида бағри жигари бирён,
Бору йўқни қилурлар илм йўлига эҳсон,
Ажаб бизнинг,Туркистон,доим ер билан яксон.

(Ҳамза.«Миллий ашулалар» )

Кўрамизки,ҳар икки шоир лирик қаҳрамонининг фикр-ўйи ўша пайтда ҳали ривожланишнинг юксак чўққилари ҳақида  ўйламаётган кишиларни қандай йўл билан бўлмасин уйғотиш,илм-ҳунар ўргатиш,онгини ўстиришни тарғиб этишга йўналтирилган. Ҳукумат маъмурларининг халқни ўйламаганини қўйиб турайлик,минглаб ўзбек зиёлиларининг бошқа халқлардан ибрат олмагани,халқимизни марифатли қилиш,уларнинг сиёсий онгини ўстириш ва сиёсий обрўсини кўтариш йўлида бирон иш қилмаётгани ачинарлидир. Бу шеърдагина эмас,«Эй мусулмонон диёр»,«Гапур»,«Мактабдин» (Ҳамза),«Туркистон туфроғина хитоб»,«Мактаб»,«Ўз турмушимиздан» (Авлоний) сингари шеърларда ҳам шу хил ғоявий яқинлик бор.

Агар Ҳамзанинг ижтимоий фаолиятига диққат қилсангиз,у гоҳ Фарғонада,гоҳ Қорақалпоғистон ёки Хоразмда замонавий мактаблар очиб,камбағалларнинг болаларига таълим бераётганини,гоҳ труппа тузиб,турли спектакллари,томошалари билан халқнинг кўзини очишга интилаётганини кўрасиз. 1905—1917 йиллар шеъриятининг,хусусан,А. Авлоний шеърларининг тадқиқотчиси Бегали Қосимовнинг ёзишича,Авлоний ҳам Тошкентда туриб шу хил ишларни бажарган. 1904 йилда Мирободда мактаб,1909 йилда дўстлари кўмагида мактаб-маориф ишларига ёрдам кўрсатувчи «Жамияи хайрия» очган. 1913 йилдан эса театрчилик ишларига киришиб   кетган.

Бегали Қосимов бу шоир ижодининг давр билан боғлиқлиги ҳақида яна шундай дейди:«Авлоний,поэзияси билан танишар экансиз,қизиқ бир ҳолга дуч келасиз. Унда бирорта ишқий шеър йўқ. У ижтимоий муаммоларни,эл-юрт ғамини муҳимроқ билади. Халқ ва Ватан бахтсизлиги олдида ҳар қандай муҳаббатни рад этади. Ўз она диёрини бамисоли «ёр каби севади» (Некрасов). Бутун меҳрини шунга бағишлайди. Бу шоирнинг биргина «инсонпарварлик ва ижтимоий интилишларга мойил» (Добролюбов) бўлишидангина эмас. Асримиз бошлари Туркистон тақдирида ғоят масъулиятли бўлган,унинг ҳаёт-мамот масаласи ҳал қилинаётган пайт эди. Буни Авлоний даврнинг пешқадам зиёлиси,эҳтимолки,замонасининг илғор таълимотидан хабардор бўлган бир кишиси сифатида чуқур англар,қалбан ҳис этар эди»…

Тўғри,ҳозирда Ўзбекистонда номигагина бўлсада,мактаблар бор. Аммо улар маънавий етук одамларни тарбиялашга эмас,ҳукумат ва президентимизнинг амалга ошиши қийин бўлган ғояларини болалар онгига сингдириш билан шуғулланади. Совет замонидагидек,президентга садоқат руҳида тарбиялаш билан шуғулланади. Мактаб болалари бутун дунёда халқ ичидан етишиб чиққан халқпарвар партиялар борлигини,Горбачев берган ошкоралик даврида “Бирлик” халқ ҳаракати,Эрк партияси тузилганини,ҳозирда улар қувғинда эканлигини билишмайди.

Дарвоқе,ижтимоий фаол инсонларнинг кўпайиб,шоирлар айтмоқчи ,оломоннинг халққа айланиши аҳолининг ўзигагина боғлиқ эмас. Ижтимоий сиёсий шароит,Навоий наздидаги халқ учун куйиинадиган одамларнинг кўпайиши учун фан ва маданият ривожи билан биргаликда,халқ ичидан етишиб чиққан партия ва ҳаракатларга эҳтиёж сезилади. “Ватанпарвар,фидоий фирқалар то бўлмайин пайдо,не мумкин топмоғи тоза танига тоза жон миллат”,дейди оташин шоир Аваз Ўтар. Бундай партия ва ҳаракатларнинг пайдо бўлиши учун эса,ижтимоий,сиёсий шароит бўлиши лозим. Асрлар давомида турли қўзғалонлар,норозилик ҳаракатлари юз берган бўлсада,қадим Турон ҳудудида (ўрис коммунистлари туркистонда ҳам тузган нисбатан сунъий болшевиклар партиясини ҳисобга олмаганда) уюшган,маълум дастур ва низомига эга партиялар ўтган асрнинг 80 йилларигача тузилмаган…Ҳолбуки,ўша пайтларда ҳам,кўриб ўтилганидек,сиёсий ҳушёр шоирлар бўлган. Аваз Ўтарнинг 1917  йил феврал  инқилоби таъсирида ёзилган   «Сиёсат…»  деб   бошланадиган   ғазалида худди шу хил тарғибот оҳанглари мавжуд. Шеърнинг:«Сиёсат маҳв ўлди   (яъни хонлик тузуми  йиқилди),яшасин оламда  ҳуррият,Бари  эл  иттифоқ  айлаб жаҳонни айласун жаннат»,деб  бошланган ғазалининг  илк  мисралариданоқ Аваз Ўтарнинг халқпарваргина эмас,сиёсатни ҳам чуқур тушунадиган шоир эканлиги сезилади. Замон воқеаларидан таъсирланган,маълум сиёсий дунёқарашга ва юксак поэтик тафаккурга эга бўлган шоир Аваз Ўтардан инқилобий фикрлар чиқиши табиий ҳол эди. Бу хил мисралар Авазни сиёсатни тўғри  тушунган,  халқини мардлик ва матонатга чорлаган ҳақиқий демократ шоир эканлиги исботлайдиган сатрлардир. Аммо хону беклар,худди ҳозирги амалдорлар каби халқ онгининг юксалишини исташмас,онгсиз аҳоли қанча кўп бўлса,бошқариш шунча осон бўлади,деган принципга асосан фаолият юритишарди…

Ажабо,орадан юз йил ўтган бўлса ҳам,халқ ўша,ўша! Бошқарувчилар ҳам айнан ўхшаш. Шуларни ўйларканмиз,Ҳамзанинг
“Ажаб,,бизнинг Туркистон,доим ер билан яксон”,каби сўзлари эсимизга келади.

Ботир Норбой,
Филология фанлари доктори.

Comments are closed.